Владимир Назлимов: “Янги машғулот форматига мослаша олган инсон олдинга ҳаракатланган бўлади”

Бугун Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси (ЎҚФ) томонидан яна бир онлайн семинар ташкил қилинди. Унда МОҚ ва федерация раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди. Аҳамиятлиси, мазкур тадбир қиличбозлик бўйича 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони россиялик Владимир Назлимов томонидан олиб борилди. “Мотивация, уни амалга ошириш йўллари ва спортчиларни мусобақаларга тайёрлаш” мавзусида олиб борилган ушбу тадбир суҳбат шаклида ўтиб, иштирокчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.

Владимир Назлимов ўз нутқи давомида ҳаётий тажрибалари ҳақида ҳикоя қилиб, спортчининг муваффақият қозонишнинг моҳияти ва сирларини очиб берди. Шунингдек, атлетни турнирларга қандай тайёрлаш кераклиги, уни мағлубиятга учрамаслиги учун қандай қилиб доимий рағбатлантириб туриш лозимлиги ҳақида гапириб ўтди. Мутахассиснинг нутқидан спортчи учун муваффақиятга эришишда қайси усуллар энг самарали эканлиги ҳақидаги жиҳатлар ҳам ўрин олди.

Қолаверса, Владимир Аливерович А. Усмонов, В.Логвин ва С.Рўзиев каби ўзбек қиличбозлигининг ривожи йўлида улкан ҳисса қўшган инсонларни ҳам алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида Владимир Назлимов мураббий спортчининг ҳаётида қанчалик муҳим роль ўйнаши ҳақида гапириб берди:

Мураббий спортчи учун иккинчи ота-онадек, уни доимо руҳлантириб турадиган энг керакли инсондир. Дунё ўзгариб бораётганига қарамасдан, миллий анъаналар ўз устуворлигини сақлаб турибди. Мураббийнинг асосий вазифаларидан бири спортчининг ёш тоифаларига (болалар, кадетлар, ўсмирлар) эътибор беришдир”.

Шунингдек, тажрибали мутахассис мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги имкониятларига ҳам тўхталиб ўтди:

Ўзбекистонда истеъдодли ёшлар жуда кўп ва Нукус қиличбозларни етказиб берувчи асосий ҳудуд ҳисобланади. Пандемия билан яшар эканмиз, барчасига қўл силтамасдан янгича машғулот қилиш йўлларини ҳам излаб топишимиз даркор. Кимки янги машғулот форматига мослаша олса, ўша инсон олдинга ҳаракатланган бўлади. Бу давр талаби. Биз бўш келмасдан янгича дастур билан кетмоқдамиз. Кўз олдимда қиличбозлик қанчалик ўсаётганини кўрмоқдаман. Бу эса онлайн машғулотларимиз зое кетмаётганидан далолат беради».

Онлайн семинар якунида Владимир Назлимов мураббийларнинг масъулияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Биз кўпроқ меҳнат қилишимиз ва ҳаракатда бўлишимиз лозим. Фақат меҳнат ортидан катта муваффақиятга эришиш мумкин. Ишончим комилки, Ўзбекистонда спортни ривожлантириш учун мутлақо барча шароитлар яратиб берилган. Бундай имкониятлар билан биз ҳар қандай чўққини забт эта оламиз. Давлат томонидан барча нарса қилиб берилди, қолгани энди мураббийлар қўлида. Биз спортчиларни қандай руҳлантира олсак, улар шундай ўзларини кўрсатишади. Агар бир уларни қандай руҳлантириш кераклигини била олсак, улар 100 фоизлик имкониятлари билан шундай ҳаракат қилишади. Барчаси ўз қўлимизда. Менга мураббийларим доимо шундай деб келишган: “Бирор нарса қилаётган бўлсанг, охиригача бажар”. Мотивация, масъулият, ўз вазифаларини бажариш – бу мураббийлар фаолиятида асосий тамойил бўлиши лозим. Лекин энг муҳими интизом бўлиши керак. Акс ҳолда ҳамма нарса қулайди”, – дейди Владимир Назлимов.

Тадбир давомида МОҚ президенти, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ўз фикрларини билдириб ўтди.

Аввало, барчага ушбу тадбирда қатнашаётганлари учун ташаккур айтиб қоламан. Агар кимдир ниманидир қилишни хоҳласа, у буни, албатта, бажара олади. Масалан, ҳозирги шароитда уйда машғулот ўтказиш осон эмас, лекин ёшлар ўз устиларида тинмай меҳнат қилишмоқда. Бугун биз қиличбозликдаги ноёб шахс Владимир Аливерович билан гаплашдик ва бу суҳбат сиздаги ишончни кучайтириш, жамоани бирлаштиришда катта ёрдам беради”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Тадбир сўнгида Владимир Назлимов спортчини қандай рағбатлантириш, қандай қўллаб-қувватлаш каби мавзуларда иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб бериб ўтди.

 

27 Iyul, 2020|Янгиликлар|