Оғир атлетикачиларимиз онлайн машғулотда ўз маҳоратларини намойиш қилишди

Бугун оғир атлетика бўйича терма жамоамиз вакиллари учун онлайн машғулот бўлиб ўтди. Ҳозирда нафақат Осиё балки, жаҳоннинг етакчи терма жамоалари қаторида тилга олинадиган мазкур жамоамиз машғулотини МОҚ ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарияти кузатиб борди. Машғулотда терма жамоамизнинг тажрибали мураббийлари 12 нафар спортчимизнинг ҳаракатларини назорат қилиб боришди.

Машғулот давомида терма жамоамизда фаолият олиб бораётган қозоғистонлик мутахассис Ержас Болтаев ҳар бир спортчимиз учун индивидуал ёндашаётгани ҳақида таъкидлаб ўтди.

Ҳозир барча спорт турларида илм-фан ўсиб бормоқда. Шу жумладан, оғир атлетикада ҳам. Кечаги методикани бугун бутун бошли жамоага бир хилда қўллаб бўлмайди. Ҳар бир спортчи билан алоҳида ишлаш керак. Бу орқали жамоадаги атлетларнинг кучсиз жиҳатларини бирдек ривожлантириб бориш мумкин”, – деди Ержас Болтаев.

Оғир атлетикачиларимизнинг куни кеча илк бор ташкил қилинган онлайн халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этишгани кўпчиликнинг диққат-марказида бўлди. Бугунги тадбир давомида полвонларимизга янада катта мотивация бериш мақсадида шу каби онлайн мусобақаларни янада кўпайтириш бўйича таклиф ва фикрлар билдирилди. Хусусан, яқин вақт ичида Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан катта масштабдаги халқаро онлайн мусобақани ташкил қилиш устида иш олиб борилаётгани ҳақида таъкидланди.

27 Iyul, 2020|Янгиликлар|