Вилоятлардаги спортчи ва мураббийлари билан онлайн маҳорат дарслари давом этмоқда

Ҳозир юртимизда карантин давом этаётган бир пайтда, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси барча тадбирларини онлайн олиб бормоқда. Мазкур тадбирлардан бири онлайн мастер-класс вебинаридир.

Илк бор ушбу вебинар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида фаолият юритаётган мураббийлар ва ёш каратэчилар билан ташкил этилди. Навбатдаги маҳорат машғулотлари Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг мураббий ва спортчилари билан ўтказилди. Тадбирни МОҚ, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарияти ва унинг ҳудудий бўлимлари раҳбарияти кузатиб борди.

Бугунги қийин вазиятга қарамасдан барча тадбирларимиз, хусусан, машғулотлар ва мусобақалар онлайн ўтказилмоқда. Бунда федерация ходимлари, вилоятлар бўлимлари раҳбарияти, барча мураббийлар ва спортчиларнинг хиссаси катта. Бу учун мен ҳаммангизга ўз миннатдорлигимни билдираман. Карантин қачон тугашидан қатъий назар спортчилар билан онлайн машғулотларни давом эттиринг, бир-бирингиз билан доимо алоқада бўлинг. Шу кунгача учта онлайн мусобақа ўтказдик ва бундай турнирлар ҳали давом этади”, – деб таъкидлади вебинар аввалида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев.

Вебинар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси тренери эронлик Шаҳоб Султани каратэнинг энг муҳим йўналиши бўлмиш 8 қисмдан иборат кумитэнинг сир-асрорлари ва назарий тушунчаси ҳақида керакли тавсияларни бериб ўтди.

“Мураббийлар ҳар бир машғулотдан олдин шахсий режа ишлаб чиқишлари, керак бўлса, ҳар бир спортчи билан индивидуал шуғулланиш учун тегишли дастур бўлиши лозим. Афсуски, мен кўпчилик мураббийларда машғулот режаларини кўрмаганман. Спортчиларга бўлган якка тартибдаги ёндашувни эса гапирмаса ҳам бўлади. Ишонсангиз, менда 30 йил олдин каратэ бўйича Эрон терма жамоаси билан ўтказган машғулотимнинг режаси бор. Карантин тугаб мен Тошкентга қайтсам, ушбу режаларимни сизга кўрсатаман”, – деди Шаҳоб Султани.

  

Вебинар давомида федерация шифокори Баҳриддин Аҳмедов “Иммунитетни мустаҳкамлаш учун 10 та муҳим тавсия” мавзусида маъруза қилиб, инсон доимо ўз соғлиғи ҳақида қайғуриши лозимлигини, айниқса ҳозирги коронавирус дунё бўйлаб тез тарқалаётган вазиятда бу муҳим рол ўйнашини, шунингдек, бундай пайтларда асоссиз ваҳимага тушишдан кўра иммунитетни мустаҳкамлаб бориш кераклигини ва уни кўтариш учун жисмоний фаолликни сақлаб туриш ҳамда тўғри овқатланишни ташкил этиш кераклигини айтиб ўтди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.

ЎКМФ матбуот хизмати

27 Iyul, 2020|Янгиликлар|