“Париж-2024” Ташкилий қўмитаси мухлислар учун янги дастур тайёрлади

2024 йилда Парижда Олимпия ўйинлари бошланишига роппа-роса 4 йил қолди. Ушбу муҳим воқеа муносабати билан мусобақа Ташкилий қўмитаси Франция аҳолисига Олимпия ва Паралимпия ўйинлари тўғрисида ҳикоя қилиб бериш мақсадида “Париж-2024” клубини очди.

2024 йилги Олимпия ўйинлари бошлангунга қадар “Париж-2024” клуби ҳар ойда ўз аъзоларига ҳамма иштирок этиши мумкин бўлган қизиқарли мусобақаларда қатнашиш, Олимпия ва Паралимпия чемпионлари билан учрашиш, шунингдек бошқа кўпгина мароқли спорт ва маданий тадбирларида иштирок этиш имкониятларини яратади.

Ўйинларда иштирок этиш мукофотга эга бўлиш учун баллар тўплаш имконини яратади. Ана шу мукофотлар Олимпия машъаласини олиб ўтиш, Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта ўтказиладиган оммавий марафонда иштирок этиш, шунингдек Олимпиада чипталарини харид қилиш бўйича барча маълумотларга эга бўлиш, “Париж-2024”да кўнгилли бўлиш учун устувор тарзда рўйхатдан ўтишни назарда тутади.

Бундан ташқари, мухлислар учун спортчилар билан мулоқот қилиш пайтида клубнинг айрим аъзолари Франциянинг етакчи спорт юлдузлари билан яккама-якка мулоқот қилиш, спорт турлари бўйича миллий чемпионлар билан мусобақалашиш ёки спортчилар билан саёҳат қилиш имкониятлари ҳам яратилади.

Клубнинг илк аъзоларини Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчилар – “Париж-2024”нинг элчилари кутиб олади. Франциянинг Олимпия ва Паралимпия спортчилари яқин орада мамлакатда ўтказиладиган турли мусобақаларда иштирок этишга тайёрлар ва буни орзиқиб кутмоқдалар.

27 Iyul, 2020|Янгиликлар|