Ўзбекистонда байдарка ва каноэда эшкак эшишнинг ривожланиш тарихи (1-қисм)

Ўзбекистонда эшкак эшиш 1935 йилдан ривожлана бошлаган, аммо у 1955 йилда собиқ Иттифоқ халқлари ёзги спартакиадаси дастурига киритилганидан сўнг тан олинди.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси Қорақалпоғистонда эшкак эшиш спортини ривожлантиришга қарор қилди. Тошкентдаги заводларда ишлаган ва Россияда эшкак эшиш сирларини пухта ўрганган В. И. Грачев ва К.В. Дергачев I Спартакиадага тайёргарликни бошқаришган. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг қўллаб-қувватлаши билан Митрофанов бошчилигида “Пишевик” (Пахтакор), «Спартак» ва «Торпедо» жамоаларининг тайёргарлик кўришига ёрдам кўрсатилди. Спорт қайиқлари сотиб олинди. Aсосий машғулот Қора-Қамиш сув омбори ва Aнҳор дарёси қуйи қисми бўлган “Комсомол” кўлида ўтказилди. У ерда 1956 йил май ойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикаларининг минтақавий мусобақалари бўлиб ўтди.

1958 йилда биринчи Республика чемпионати ўтказилди. Кейинчалик спорт устаси Н.В. Денисов бошчилигидаги миллий терма жамоа асосан II ва III тоифадаги эшкак эшувчилардан иборат бўлди. Спортни беҳад севадиган, ҳаётини у билан боғлайдиган одамлар эшкак эшишни ўргана бошладилар, улар асосий ишини машғулот билан бирлаштириб, байдарка ва каноэда эшкак эшиш техникасини ўзлаштирдилар. Спортнинг ушбу тури бўйича биринчи кашфиётлар сузиш спортидан ўтган Б. Исмоилов, енгил атлетикачилар Б. Поляков ва Б. Бондарев эди. Инвентарлар етишмасди, улар ўзлари қайиқларни таъмирлардилар, бир-бирларига ўргатардилар.

СССР халқларининг II Спартакиадасига тайёргарликни Ленинграддан келган собиқ Иттифоқ чемпиони Н.В. Денисова-Содиқова олиб борди. Кейин тайёргарлик жараёнига унинг эри, Душанбе шаҳридаги жисмоний тарбия институтини тамомлаган, Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи Ғулом Содиқов қўшилди. Республика чемпионати натижалари терма жамоани тўлдириш учун асос бўлди. Каноэчилар етишмасди, спартакиадада иштирок этувчи жамоани деярли нолдан бошлаган байдаркачилар сафидан тўлдириш керак эди.

1959 йилда Москвада Химки сув омборида ўтказилган собиқ СССР халқларининг II Спартакиадасида Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик эшкак эшувчиларнинг энг яхши чиқиши Раиса Черкасовада (Тошкент) бўлиб, у 500 метр масофага кечган яккалик байдаркачилар баҳсида 6-ўринни эгаллади.

Керакли тажриба ва билимларга эга бўлган ҳолда мураббийлар машғулот жараёнини сезиларли даражада яхшиладилар ва РОСММ ва Тошкентдаги болалар спорт мактабида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўлимлари очила бошланди. Бекободдаги Фарҳод сув омборида Ғ.Содиқов раҳбарлигида эшкак эшиш бўлими иш бошлади. Кейинчалик, 1961 йилда, Сирдарё бўйида эшкак эшиш базаси қурилиши тугалланди. База тайёргарлик кўриш учун барча талабларга жавоб берарди: катта сув, қайиқларни сақлаш учун эллинг, устахона ва мураббийлар хоналари.

1960 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган СССР чемпионатида тошкентлик В. Красников «Буревестник» кўнгилли спорт жамияти жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, 4х500 м масофадаги эстафетада 1-ўринни эгаллади. Бу Ўзбекистондан бўлган бутуниттифоқ мусобақаларининг (ушбу спорт турида) биринчи ғолибидир. Боку шаҳрида мактаб ўқувчиларининг спартакиадасида тошкентлик Г.Богуславская яккалик байдаркада 500 м масофада 3-ўринни қўлга киритди.

I Спартакиадада Ўзбекистон жамоаси 15-ўринни банд этган бўлса, II Спартакиадада Ўзбекистон эшкак эшувчилар жамоаси 13-ўринга кўтарилиб олишди.

1961 йилда Касаба уюшмалари спартакиадасида Ўзбекистон жамоаси 12-ўринни эгаллади.

1962 йилда II талабалар ўйинларида тошкентлик эшкакчилар биринчи, иккинчи ва тўртинчи ўринларни бўлишиб олдилар. Тошкентлик эшкак эшувчилар Б. Поляков ва Н. Зайнулин биринчи маротаба спорт усталиги талабларини бажаришди. Эшкак эшиш марафонида эса Тошкент шаҳри терма жамоаси 7-ўринни эгаллади.

1963 йилда СССР халқларининг III Спартакиадасига тайёргарлик кўриш барча ўзбекистонлик эшкак эшувчилар ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Спартакиада йилида ўзбекистонлик эшкак эшувчилар бир қатор йирик мусобақаларда қатнашдилар. Бу уларнинг даражаларини сезиларли оширишга имкон берди. Спартакиадада Ўзбекистон жамоаси 12-ўринни эгаллади. Р. Черкасова, Н. Устянцева (Тошкент) жуфтлик байдаркачилар баҳсида (500 м) еттинчи бўлиб маррага етиб келишди.

Ўзбекистонга Владивостокдан келган спартакиада иштирокчиси Юрий Родионов Чирчиқ шаҳрида эшкак эшиш бўлимини очди. Шунингдек, у шаҳарда эшкак эшиш базалари қурилиши ташаббускори бўлган.

1966 йил кузида Бекобод шаҳридаги РОСММ очиқ филиалининг байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўлими тўлиқ ишлай бошлади. Бу ерда Б. Поляковнинг тавсияси билан СССР халқлари II спартакиадаси иштирокчиси Б. Бондарев шаҳардан 8 км узоқликда жойлашган Фарҳод сув омбори базасида иш бошлади.

1965 йилда Минскда бўлиб ўтган IХ мактаб ўқувчилари спорт фестивали финалида мазкур даргоҳнинг биринчи қалдирғочи бекободлик Н. Тарнаушинко 500 метр масофага кечган яккалик баҳси финалида қатнашди.

Шу даврга келиб Тошкентдан 40 км узоқликда жойлашган Тошкент денгизида ушбу спортнинг ривожланиши бошланади.

1967 йилда собиқ СССР Халқларининг IV Спартакиадаси финал ўйинларига тайёргарликни Минскдан келган В. Корнаушенко бошқарган. Спартакиадада жамоа 12-ўринни эгаллади. Энг яхши натижаларни кўрсатган тўртталик байдаркада Р. Черкасова, A. Калягина, В. Парушина, Н.Стаценко квартети 5-ўринни эгаллади. Aрмия спортчилари В. Разложко ва В. Самадаев каноэда 10 000 метрга пойгада ҳам бешинчи бўлишди. Б. Поляков, В. Зайнулин, В. Захаров, В. Тарянниковлардан иборат жамоа 1000 метрлик масофадаги тўртталик байдарка баҳсида 8-ўринни эгаллади. Ленинграддаги мактаб ўқувчиларининг Х спартакиадасида мураббий Б.Бондаревнинг шогирди В. Тетерев (Бекобод) 1000 м масофада якка каноэда биринчи чемпион бўлди. Тетерев кейинчалик СССР терма жамоаси сафида бўлажак етти карра Олимпия чемпиони И. Пацайкин (Руминия) билан Венгрияда бўлиб ўтган “Дўстлик” мусобақасида 5-ўринни эгаллади. У шу тариқа халқаро мусобақаларда қатнашган биринчи спортчи бўлди. Ўшанда мамлакатимиз эшкак эшувчилари Н. Тешабоев ва И. Кайзер жуфтликдаги байдаркада 10-ўринни эгаллашди.

Ниёзхўжа Тешабоев нафақат каноэда эшкак эшиш бўйича профессионал спортчи сифатида, балки миллий терма жамоа мураббийи бўлиб ҳам ушбу спорт ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Узоқ вақт давомида Н. Тешабоев каноэ федерациясида ижрочи директор бўлиб ишлаган.

Давоми бор . . .

26 Iyul, 2020|Янгиликлар|