«Токио-2020»га бағишланди

2020 йил 23 июлда жаҳон спорт олами муҳим санани нишонлади. Роппа-роса бир йилдан сўнг Токиода энг ёрқин, асосий ва кенг кўламли, янада муҳими узоқ кутилган спорт байрами – 1 йилга кўчирилган 2020 йилги Олимпия ўйинлари бошланади.

Коронавирус пандемияси давом этаётган шароитда “Токио-2020” Ташкилий қўмитаси спорт ихлосмандлари ва тамошабинлар хавфсизлиги учун ҳамма тадбирларни олиб бормоқда.

Куни кеча ўтган барча тадбирлар Олимпиада шиори – #StrongerTogether (Биз биргаликда кучлимиз) остида бўлиб ўтди. Бу шиор ҳозирги қийин шароитда одамларни бирлаштиришда спорт, жумладан Олимпия ўйинларининг қудратини, бутун турфалигимиз билан бирдамлик ва ҳамжиҳатлик муҳимлигини эътироф этади.

Тадбирлар рақамли технологиялардан фойдаланилган ҳолда ўтказилди. Уларнинг диққат марказида Олимпия машъаласи, шунингдек Олимпиадага тайёргарлик кўраётган спортчиларнинг матонати ва кучи турди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ва Олимпия ўйинлари Ташкилий қўмитасининг режасига кўра, Токиодаги мусобақаларда 11090 нафар спортчи иштирок этади.

Олимпиада мусобақалари доирасида спортнинг 33 турида 339 медаллар жамланмаси ўйналади. Бу энг оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишга 200 мингдан кўпроқ кўнгиллилар ёрдам беради. Мусобақаларни ўтказиш учун Токиодаги 25 та, шунингдек бу шаҳар ташқарисидаги 17 та Олимпиада объектларидан фойдаланилади.