Қиличбозларимизнинг онлайн ўқув-машғулот йиғинлари қизғин давом этмоқда

Ҳозирги мураккаб вазиятда спортчилардаги жисмоний ва руҳий ҳолатнинг талаб даражасида бўлиши, шунингдек уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусидаги республика ҳамда халқаро мусобақаларга тайёргарлаш мақсадида Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси томонидан 2020 йил 10 июль санасидан бошлаб республикамизнинг барча вилоятларидан истиқболли қиличбозларни жалб қилган ҳолда онлайн ўқув-машғулот йиғинлари олиб борилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад эса спортчилар эътиборини умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус машғулотларга жалб қилишга қаратилган. Мазкур ўқув-тренинг 3та ZООМ платформаси орқали кунига икки марта (эрталаб ва кечки пайт якшанба кунидан ташқари) ҳар хил ёш тоифалари иштирокида ўтказилмоқда.

Айниқса, энг кичик ёшдаги (2007 йил ва ундан кейин туғилган) қиличбозларимиз машғулотларни жуда катта иштиёқ ва зўр кўтаринки кайфиятда ўтказишмоқда.  Бундан ташқари, маҳсус ишлаб чиқилган ҳар кунлик онлайн ЎМЙ режасига мувофиқ федерация шифокорлари, психолог, диетологлар спортчилар билан турли фойдали ва қизиқарли мавзуларда видео семинарлар ўтказишмоқда.

 

Шу билан бир қаторда ҳозирги кунда қиличбозларнинг машғулотдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш мақсадида улар учун алоҳида онлайн дарс – инглиз тили сабоқлари бериб борилмоқда.

Ёш спортчиларимизни гўзаллик – нафосат олами билан ошно этиш мақсадида махсус тасвирий санъат дарси, яъни расм чизиш тўгараги ҳам ташкил этилган.  Шунингдек, спортчиларнинг маънавий-маърифий тарбиясига бағишланган ватанпарварлик мавзуси доирасида махсус видео семинар ҳам олиб борилмоқда. Ўзбекистон қиличбозлари барча юртдошларимизни карантин қоидаларига қатъий риоя қилишга чорлайди.

Азиз дўстлар, спорт ва жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланинг.  Биз, албатта, коронавирусни биргаликда енгамиз!

ЎзҚФ Матбуот хизмати

24 Iyul, 2020|Янгиликлар|