Тошкентда ўтган Собиқ Иттифоқ Спартакиадасини ёд оламиз

Собиқ Иттифоқ халқларининг Спартакиадаси 1957-1991 йиллар оралиғида ўтказилган совет спортчиларининг энг йирик комплекс мусобақаси бўлган. Ёзги Спартакиада Олимпия йилидан аввал ўтказилиб, ундан кўзланган мақсад яқинлашиб келаётган Олимпиада учун кучли таркиб ва захира саралаб олиш эди.

Дастлабки 8 Спартакиаданинг енгил атлетика мусобақаларига Москва мезбонлик қилган. 1986 йилдан эса анъана ўзгартирилди. Шу йили илк бор мазкур беллашувлар бошқа шаҳарда, аниқроғи Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтказилди.

Мусобақанинг иккинчи янгилиги ёш чегараси бўлиб, унда атлетларнинг максимал ёши 23 ёш этиб белгиланди. Бу эса бўлажак Олимпия ўйинлари учун таркибни саралаш имконини беради.

Шу тариқа Собиқ Иттифоқ халқлари орасида ўтказилган IX ёзги Спартакиаданинг тантанали очилиш маросими 1986 йил 16 сентябрь куни “Пахтакор” Марказий стадионида тантанавор мусиқа, вокал ансамбллари ва бошқа қизиқарли дастурлар остида бўлиб ўтди.

5 кун ичида 17 жамоадан (Собиқ Иттифоқнинг 15 Республикаси, Москва ва Ленинград шаҳарлари жамоаси) 1064 атлет 43 комплект (24 эркаклар, 19 аёллар) медаллар жамланмаси учун кураш олиб бордилар. Мусобақа давомида 20 ва 50 километрга спортча юриш баҳслари Тошкент кўчалари бўйлаб, қолган йўналишлар эса “Пахтакор” стадионининг ичида бўлиб ўтди.

Спартакиаданинг энг унутилмас беллашуви аёллар ўртасида 400 метрга тўсиқлар оша югуриш секторининг ярим финал пойгасида кечди. Финал йўлланмасининг учун югураётган иштирокчилар орасида икки нафар ленинградлик собиқ жаҳон рекордчилари Марина Степанова ҳамда Маргарита Хромовани кўриш мумкин. 17 сентябрь куни кечган баҳсда ҳаво 32 даража иссиқ эди. Мусобақада Марина 53.27 сония натижа билан ғолиб бўлди. Бироқ ярим финалда у масофани 53 сониядан тезроқ босиб ўтган Ер юзидаги дастлабки аёл спортчига айланди – 52.94 секунд. Бу жаҳон рекорди сифатида ҳам қайд этилиб, “Пахтакор”да ўрнатилган натижа 7 йил янгиланмади.

Спартакиаданинг яна бир муҳим баҳси эркаклар ўртасида лангарчўпга таяниб сакраш йўналишида кечди. Унда ўзбекистонлик Родион Гатауллин 5.75 метр метр натижа билан зафар қучди. Спортчининг 1989 йил стадиондаги 6.00 метр, ёпиқ иншоотлардаги 6.02 метрли натижаси ҳалигача Ўзбекистон рекорди сифатида сақланиб турибди. Таъкидлаш жоиз, Гатауллин 1988 йил Сеул шаҳрида ўтказилган Олимпия ўйинларининг кумуш медаль совриндори ҳам ҳисобланади (6.00 метр). Американинг машҳур “TRACK & FIELD NEWS” журналининг жорий йилги сонларидан бирида мазкур йўналишдаги спортчилар орасида Родион Гатауллинни барча даврда барча халқларнинг энг яхши спортчилари орасида кучли бешликда қайд этилган.

800 метрга югуриш секторида ёшлар ўртасида Ўзбекистон рекордчиси Любовь Кирюхина 1:59.96 дақиқа натижа билан ғалаба қозонган. Собиқ Иттифоқ таркибида Кирюхина жаҳон ва Европа чемпионатининг бронза медали совриндори ва кўпкарра СССР чемпиони унвонига сазовор бўлган. Ўшанда жамоамизнинг иккинчи вакиласи Светлана Юрлина 2:02.19 дақиқа қайд этиб, маррага тўртинчи бўлиб етиб келган эди.

4х100 метрга югуриш баҳсида эса ўсмирлар жамоасидан жалб этилган йигитлар Анвар Кучмуродов, Рустам Камаев, Сергей Пасконний ва Валерий Дубровский жамоамиз шарафини ҳимоя қилишди. Ушбу квартет барча жамоалар орасида энг ёши бўлишига қарамай якунда олтинчи бўлган. Уларнинг қайд этган 40.79 сония натижаси эса Ўзбекистон рекорди сифатида ҳалигача янгиланмай турибди.

Узунликка сакрашда арманистонлик Роберт Эмиян 8.37 метр натижа билан олтин медални қўлга киритган. 8 ойдан сўнг Роберт Цехкадзор (денгиз сатҳидан 1750 метр баланд) турнирида 8.86 метрга сакрайди. Бу эса ўша даврда жаҳоннинг иккинчи натижаси бўлган. Биринчи кўрсаткич эса Мехико-1968 Олимпиадасида 8.90 метрга сакраган Боб Бимонга тегишли эди.

100 ва 200 метр масофаларга кечган спринтерлик пойгаларида грузиялик Майя Азарашвили 11.20 ва 22.51 сония натижа билан ғалаба қозонган. Икки йилдан сўнг у Сеул Олимпиадасида 4х100 метр эстафета баҳсида Собиқ Иттифоқ жамоаси билан бронза медалини қўлга киритган.

Украиналик Ольга Владикина 50.18 сония билан 400 метрга югуриш секторида маррага биринчи бўлиб етиб келган. Шундан кейин таниқли спортчи 3 карра Олимпия ўйинлари чемпионига айланди (Сеул-1988да 400 метр, Барселона-1992да 400 метрга яккалик ва 4х400 метр эстафета пойгалари).

Спартакиаданинг энг юлдузли таркиби мусобақанинг сўнгги кунига тўғри келган эркаклар ўртасидаги баландликка сакраш баҳсида йиғилган эди. Унда жаҳон рекордчиси, Европа чемпиони Игорь Паклин, жаҳон чемпиони Геннадий Авдеенко каби жами халқаро тоифадаги 6 нафар спорт устаси ғолиблик учун кураш олиб боришди. Якунда 2.35 метр натижа билан қирғизистонлик Игорь Паклин ғалаба қозонди. Игорь Спартакиада чемпионлигидан сўнг жаҳон рекордини янгилаш учун 2.42 метрга буюртма берди ва бу тарихий воқелик юз беришига бир баҳя қолган эди.

Айни шу йўналишда аёллар ўртасидаги баҳсда эса энг ёш спортчи, 19 ёшли Ольга Турчак роппа-роса 2 метр натижа билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган. Айни ўша йили унинг бошқа мусобақада қайд этган 2.01 натижаси ҳалигача Қозоғистон рекорди ҳисобланади.

Шу тариқа СССР халқлари Спартакиадасининг барча натижаларига назар ташлайдиган бўлсак, унда мусобақанинг 12 та, Республикаларнинг 42 та рекордлари янгиланди. 36 спортчи Халқаро тоифадаги спорт устаси, 451 нафари эса Спорт устаси нормативини бажаришга муваффақ бўлган. Шунингдек, Марина Степановага (тўсиқлар оша 400 метрга югуриш) тегишли жаҳон рекордини ҳам қайд этиш жоиз.

Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар Спартакиадалар тарихида 5та олтин, 4 та кумуш ва 9 та бронза, жами 18 та медаль жамғаришга муваффақ бўлганлар. Улар орасида Валентина Баллод (Лебединская) 3 та медаль (1 та олтин ва 2 та бронза), Родион Гатауллин эса 2 та олтин медаль эгалари ҳисобланишади. Бу натижалар 1986-1991 йиллар оралиғида қайд этилган.