Юртимизда илк бор онлайн селекция дастури йўлга қўйилди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда нафақат олдинда турган Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, балки бошқа йирик комплекс мусобақаларга ҳам тайёргарликни олиб бормоқда. 2022 йил Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида ўтказиладиган тўртинчи ўсмирлар Олимпиадаси ана шундай мусобақалар жумласидандир. Дакар-2022га пухта тайёргарлик кўриш йўлида, шубҳасиз, селекция ишлари катта роль ўйнайди. Айни шу мақсадда МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги чуқурлаштирилган селекция ишларини олиб бормоқда.

Жараён шу пайтгача оддий шароитда олиб борилган бўлса, ҳозирда юзага келган карантин сабаб онлайн янги дастур йўлга қўйилди. Бу борада Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси ташаббус билан чиқди ва биринчи бўлиб вебинар тарзда ташкил этилган дастур айнан спортнинг ушбу турида ўтказилди. Онлайн тадбирда МОҚ президенти Рустам Шоадураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, МОҚ ҳамда Ўзбекистон таэквондо ассоциациясининг мутасаддилари, вилоятлардаги ходимлари, спортчи ва мураббийлар иштирок этди.

 

Режага мувофиқ, бугун Бухоро ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан 2004-2006 йилларда туғилган 100 нафарга яқин сара таэквондочилар иштирок этишди. Дастлаввал, терма жамоамиз бош мураббийи Александр Ким ва хорижлик тренер Юнг Жун Ким бошчилигидаги экспертлар ёш спортчиларнинг комплекс зарбалар тўпламини қандай амалга ошираётганини текшириб боришди. Шундан сўнг кореялик мураббий дастури асосида жанг пайти амалга ошириладиган техник ва тактик ҳаракатлар, зарбалар комбинациялари, турли чалғитувчи усуллар ҳақида тайёрланган видеоролик қўйиб берилди. Тадбир якунлангач иштирок этган экспертлар ўз хулосаларини терма жамоа мураббийлар штабига тақдим этишади. Шундан сўнг терма жамоа учун муносиб номзодлар саралаб олиниши кўзда тутилган.

Бундай лойиҳа ўзбек спортининг келажаги йўлида муҳим пойдевор бўлиши кутилмоқда. Аввало шуни таъкидлаш керакки, ҳозирда юзага келган эпидемиологик вазият сабаб мамлакатимизда спорт бутунлай тўхтаб қолгани йўқ. Бугун мазкур лойиҳа Бухоро ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида таэквондо спорт тури мисолида йўлга қўйилган бўлса, келажакда бошқа спорт турлари бўйича ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.