Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига янги раис сайланди

Бугун Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди ва унда федерацияга янги раис сайланди.

Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов, шунингдек, санаб ўтилган ташкилотнинг мутасадди вакиллари, федерация раҳбарияти ва ҳудудий бўлим вакиллари иштирок этишди. Пойтахтдаги қатнашчилар Марказий студияда жам бўлишди. Вилоятлардаги делегатлар эса онлайн кўринишда тадбирга қўшилдилар.

Конференцияда федерацияга янги раҳбар ва унинг ўринбосарларини, Ижроия қўмитаси аъзоларини сайлаш ва федерация Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги масалалар кун тартибига қўйилган эди. Йиғилишни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Унда мамлакатимизда от спорти ва йилқичиликни янада ривожлантириш, зотдор от наслларини кўпайтириш, ушбу спорт тури бўйича ҳам маҳоратли спортчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан қилинаётган ишлар таҳлил қилинди.

Даставвал, федерация раислигига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Барноев Ўктам Исаевич номзоди илгари сурилди ва таклиф бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Ўктам Барноев Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерациясининг янги раиси этиб сайланди. Шунингдек, кун тартибининг биринчи масаласига кўра Феруз Абдуллаев раис ўринбосари, Камол Худойбердиев эса федерация раисининг ўринбосари – Бош котиби (ҳар иккиси штат бирлиги асосида), Баҳром Норқобилов, ҳамда “Ўзбегим отлари” от заводи раҳбари Аваз Исмоилов эса жамоатчилик асосида федерация раисининг ўринбосарлари этиб сайланишди.

Шунингдек, соҳанинг етук мутахассислари Баҳром Газиев ҳамда Акмал Тошов ҳам федерация раисининг ўринбосарлари сифатида жамоатчилик асосида фаолиятини давом эттиришади.

Кун тартибида белгиланганидек, федерация Ижроия қўмитаси таркиби ҳам қайта кўриб чиқилди ва унга 15 киши киритилди. Қолаверса, федерация Уставининг айрим бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор ҳам маъқулланди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси федерацияга сайланган янги раҳбарият фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб қолади.

6 Iyul, 2020|Янгиликлар|