Вазирликда сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби тренерлар кенгашининг очиқ йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Ўзбекистон “Rowing&Canoe” федерацияси ва Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби тренерлар кенгашининг очиқ йиғилиши ўтказилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Шавкат Султанов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Сув спорти турлари бўйича РОСММ директори Комил Холматов ҳамда тренерлар кенгаши аъзолари ва спортчилар иштирок этди. Йиғилишни ZOOM платформаси орқали МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳам кузатиб борди.

Дастлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бош мутахассиси Акром Низаметдинов сув спорти турлари бўйича РОСММ аъзоларининг 2018 йилдан 2020 йилнинг ўтган даврига қадар эришилган ютуқлари ҳақида ҳисобот тақдим этди. Мазкур ҳисоботда байдарка ва каноэ, слалом ва академик эшкак эшиш турлари бўйича натижалар ҳам таҳлил қилинган. Токио Олимпиадасига эса ушбу спорт турларидан вакилларимиз бугунгача атиги 5та (шундан учтаси паралимпия йўналиши) йўлланмани қўлга киритган.

Очиқ йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон “Rowing&Сanoe” федерацияси Бош котиби, академик эшкак эшиш бўйича терма жамоа бош тренери Вячеслав Дидрих, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича бош тренер Александр Понамарёв шу кунгача амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, ушбу йўналишлардан Токио Олимпиадасига 10 га яқин йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилганлиги ва бунинг учун имкониятлар етарли эканлигини билдиришди. Зеро, жорий йилнинг бошида ҳукуматимиз томонидан спортчиларимизнинг машғулотлари ва халқаро мусобақадаги иштироклари учун энг замонавий русумдаги қайиқлар сотиб олинган.

Бу орада таниқли байдаркачимиз, икки карра жаҳон чемпиони, кўп карра Осиё ўйинлари ғолиби Вадим Меньков спортчиларимиз номидан янада юқори натижаларни қўлга киритиш йўлида қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Йиғилишда спортчи, тренер ҳамда Сув спорти турлари бўйича РОСММ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, тренерлар кенгашининг иш юритиш услуби ва лозим бўлса, таркибини ҳам қайта кўриб чиқиш, соҳага ёш, иқтидорли тренерларни жалб қилиш, ўқув-машғулот йиғинларида илғор замонавий технологиялардан фойдаланиш, селекция ишларини янада кучайтириш, қолаверса мамлакатимизда сув спорти турлари билан шуғулланувчилар географиясини кенгайтириш, миллий терма жамоаларнинг етакчи спортчиларига муносиб захира тайёрлаш борасида ҳам таклифлар берилиб, улар асосида “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш тавсия этилди.

Барча орзиқиб кутаётган тўрт йилликнинг нуфузли спорт анжумани – Токио-2020 Олимпиадаси пандемия сабабли бир йилга кечиктирилди. Бироқ, бу билан спорт ҳаёти тўхтаб қолгани йўқ. Қолаверса, берилган имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда спортчиларимиз Олимпия ўйинларида кўзланган мақсадга эришиш йўлида меҳнат қилишда давом этадилар.