Барча юртдошларимизга “Олимпия куни”нинг 126 йиллиги муборак бўлсин!

Инсон ўзи яратиб, ўзи лол қолган кашфиётлари бисёр. Асрлар оша дўстлик, ҳалоллик, беғаразлик руҳини сақлаб келаётган Олимпия ўйинларини ўтказиш ғояси ҳам инсон тафаккури ижодига мансубдир. Бундан роппа-роса 126 йил аввал барон Пьер де Кубертен бошчилигида Олимпиадани тиклаш учун энг катта қадам қўйилди, яъни 1894 йилнинг 23 июнь куни Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ)га асос солинди. Шу сабаб ушбу сана «Олимпия куни» сифатида нишонлаб келинади.

Бугунги кунга келиб “Олимпия куни” дунёда энг оммавий тарзда нишонланадиган спорт байрамларидан бирига айланган. Ҳар йили Халқаро Oлимпия қўмитасига аъзо 205 давлатда ўтказиладиган спорт ва саломатлик байрамида миллионлаб инсонлар бевосита иштирок этишмоқда. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ҳамда Олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, катта-ю, кичик қалбида жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрни янада юксалтиришдан иборат.

Мамлакатимизда аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жаҳон ареналарида спортчиларимизнинг муносиб иштирок этиб, юқори марраларни забт этиши учун шу кунга қадар Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга оид ўндан ортиқ фармон ва қарори, улар асосида Вазирлар Маҳкамасининг кўплаб қарорлари қабул қилинмоқда.

Коронавирус сабаб 2020 йилга белгиланган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари 1 йилга қолдирилди. Бироқ “Олимпия куни” ортга сурилмайдиган умумбашарий байрамдир. Шу боис ҳам дунёнинг барча мамлакатларида ушбу кун катта шодиёна билан нишонланмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам “Олимпия куни” 20 июнь куни пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда катта онлайн тадбири билан нишонланди. Шу куни ZOOM платформасида ўзбек спортининг юлдузли вакиллари, федерация ва ассоциациялар раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар, санъат олами вакиллари жам бўлиб, бир-бирларини “Олимпия куни” билан қутлашди. Қайд этиш жоиз, мазкур мулоқот чоғида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлиги учун не чоғлик фойдали экани яна бир карра таъкидлаб ўтилди.

 

Миллий олимпия қўмитаси бу йилги «Олимпия куни» тантаналарини 15 июнь кунидан бошлади. Шу куни «Виртуал югуриш мусобақаси»га старт берилди ва бугунги кунга қадар мазкур онлайн мусобақада 500 га яқин юртдошларимиз иштирок этишди. Мазкур мусобақа 22 июнга қадар давом этди. Шунингдек, 17 июнь кунидан бошлаб Республика оммавий ахборот воситалари, давлат ва хусусий телеканаллар, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда «Олимпиада бу…..» рукни остида янги лойиҳа ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳада ўзбек ва жаҳон спортининг энг ёрқин вакилларининг иштирок этиши, унга бўлган қизиқишни икки карра оширди.

Қолаверса, ушбу санага бағишлаб бир қатор федерацияларимиз, жумладан, каратэ, таэквондо, велоспорт, камондан ўқ отиш, от спорти, механик эшкак эшиш йўналишлари бўйича онлайн мусобақалар ташкил қилинмоқда. Бу эса мусобақаларга чанқоқ бўлиб турган атлетларимизнинг руҳиятини оширишга, улар орасидаги ҳалол рақобатни, соғлом турмуш тарзини янада ривожлантиришга туртки бўлмоқда.

“Олимпия куни” шукуҳи шаҳримиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида ҳам уфуриб турди. Ушбу кун муносабати билан мазкур музей ходимлари ўртасида югуриш ва соғломлаштириш тадбирлари бўлиб ўтди.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси барча юртдошларимизни “Олимпия куни”нинг 126 йиллиги билан чин қалбдан табриклаб қолади! Спорт ҳаётингизнинг бир бўлаги бўлиб қолсин,

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.