«Олимпия куни»га аталган тадбир тарихда илк бор онлайн тарзда ўтказилди

23 июнь – Халқаро Олимпия куни. Халқаро Олимпия қўмитаси ташкил топган ушбу сана бутун дунёда катта шодиёна сифатида нишонланади. Коронавирус пандемияси сабаб 2020 йилга белгиланган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари 1 йилга қолдирилди. Бироқ «Олимпия куни» ортга сурилмайдиган умумбашарий байрамдир. Шу боис ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси ва барча Миллий олимпия қўмиталари яқинлашиб келаётган мазкур байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш устида иш олиб боришди. Жумладан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳам мазкур кунни ўзгача шукуҳда қарши олишни ният қилишганди.

Муҳтарам Президентимиз доимо спортни қўллаб-қувватлаб келганлар. Буни мамлакатимизни ривожлантириш йўлида ишлаб чиқилган 5 муҳим ташаббуснинг бири айнан жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилганидан ҳам билиб олиш қийин эмас. Карантин даврида дунёнинг кўплаб давлатлари, айниқса, уларнинг спортчилари иқтисодий жиҳатдан қийинчилик кўриб турган бир пайтда юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат сабаб бундай қора кунлар атлетларимиз ва мураббийларимизни четлаб ўтди дейиш мумкин.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 27 йилдирки Халқаро олимпия қўмитаси ташаббусини қўллаб – қувватлаган холда, мамлакатимизда «Олимпия куни»ни кенг нишонлаб келяпти. Бу кун тадбир иштирокчилари ўзларини ҳақиқий Олимпиячи сифатида ҳис этиш имкониятига эга бўлади. Юртимизда ҳар йили нишонлаб келинадиган мазкур байрам йилдан йилга ўз қамровини кенгайтириб келмоқда. Хусусан, 2019 йил ўтказилган «Олимпия куни» бутун Республикамиз бўйлаб 2.5 миллион нафар юртдошимизни бирлаштирди. Катта масштабда нишонланган кун Халқаро Олимпия қўмитасининг эътирофига ҳам сазовор бўлган эди.

Бу йилги ўтказилган «Олимпия куни» байрами пандемия сабаб онлайн тарзда ташкил қилинган бўлса ҳам унинг шукуҳи, одамлардаги байрамона кайфият ҳеч кимни тарк этгани йўқ. Бугун ZOOM платформасида илк маротаба онлайн тарзда ўтказилган «Олимпия куни» байрамида мазкур фикрнинг айни ифодасини кўриш мумкин эди. Байрам дастурида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмония тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Маданият вазирлиги вакиллари, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар, санъатимиз дарғалари – Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев ҳамда Эркин Комилов, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самандар Ҳамроқулов каби таниқли санъаткорлар, ўзбек спортининг фахрийлари ва фидойилари иштирок этишди.

Байрам дастурини Равшан Ирматов ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов очиб беришди. Шундан сўнг турли даврларда Олимп шоҳсупасига кўтарилиб, юртимиз довруғини танитган, қисқача қилиб айтганда ўзбек спортининг «хазиналари» Оксана Чусовитина, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Армен Багдасаров, Ихтиёр Наврўзов, Муроджон Аҳмадалиев, Ҳусниддин Норбеков, шунингдек, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов барчани мазкур шодиёна билан қутлашди. Таъкидлаш жоиз, мазкур байрамда қатнашган санъатимиз дарғалари Эркин Комилов ва Ёдгор Саъдиев ҳам спортчиларимизни Олимпия куни билан қутлаб ўтишди. Тадбир якунида Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг «Олимпия куни» муносабати билан йўллаган табриги қўйиб берилди.

Миллий олимпия қўмитаси бу йилги «Олимпия куни» тантаналарини 15 июнь кунидан бошлади. Шу куни «Виртуал югуриш мусобақаси»га старт берилди ва бугунги кунга қадар мазкур онлайн мусобақада 500 га яқин юртдошларимиз иштирок этишди. Мазкур мусобақа 22 июнга қадар давом этади.

Шунингдек, 17 июнь кунидан бошлаб Республика оммавий ахборот воситалари, давлат ва хусусий телеканаллар, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда «Олимпиада бу…..» рукни остида янги лойиҳа ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳада ўзбек ва жаҳон спортининг энг ёрқин вакилларининг иштирок этиши, унга бўлган қизиқишни икки карра оширди. Олимпия кунига бағишланган асосий тадбир бугун ташкил қилинган бўлса ҳам, байрам шукуҳи спортсеварлар қалбида бир неча кун давом этади.