Ўзбек спорти журналистикасининг отахони Ахбор Имомхўжаевга Академик илмий унвони топширилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, умрининг 60 йилини футбол ривожи, тарғиботи ва журналистикага бағишлаган Ахбор Имомхўжаев Академик унвони билан тақдирланди.

Уларнинг 12 йил давомида тўпланган маълумотлар асосида битилган “Аср футболидаги аср қадрдонларим” китоблари зиёлилар ва арбоблар томонидан эътироф этилди. Шу йилнинг февраль ойида, 84 ёшга тўлишлари арафасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Кенгаши қарори билан Ахбор Рустамовичга университетнинг Фахрий профессори унвони берилган эди. Куни кеча эса улар Ўрта Осиё халқлари тарихи институти Турон фанлар академияси Президиумининг қарори билан академиянинг ҳақиқий аъзоси деб қабул қилиндилар ва “Академик” илмий унвони билан тақдирландилар. Унвон ва бу ҳақдаги ҳужжатларни Турон фанлар академияси президенти Ҳайдарбек Бобобеков топширди.

 

Ўзбек футбол шарҳловчилиги мактабининг асосчиларидан бири Ахбор Имомхўжаевнинг жами 10 та асари (улардан 6 таси ўқув қўлланмалар) дунё юзини кўрган бўлиб, улар орасида футболга оид «Футбол – қувончим, дардим, фахрим», «Мафтунингман, футбол», «Ўзбегимнинг Миржалоли» ва ўтган йили нашрдан чиққан «Аср футболидаги асл қадрдонларим» китоблари спорт мухлислари томонидан севиб мутолаа қилинади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ахбор Имомхўжаевни бундай юксак унвон билан табриклаб, у кишига узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.