Республика махсус комиссияси профессионал футбол клубларининг машғулотларига рухсат берди

Коронавирус пандемияси даврида ҳукуматимиз томонидан тузилган Республика махсус комиссияси босқичма-босқич карантин шароитини юмшатиш борасида қарорлар қабул қилиб бормоқда. Комиссиянинг бугун эълон қилган қарори спорт соҳаси учун қувончли янгиликка айланди.

Унга кўра, 2020 йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб мамлакатимизнинг “яшил” ҳудудларида спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари, ва фитнес клублар фаолиятига санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда рухсат берилади.

Шу билан бирга футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга ҳамда 2020 йил 5 июндан бошлаб Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини ТОМОШАБИНЛАР ИШТИРОКИСИЗ давом эттиришга рухсат берилди.

Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича аллақачон бу борада тайёргарликни бошлаб юборган. Масъул ходимлар мамлакатимиздаги мавжуд ўқув-машғулот базалари ҳудудлари, ошхона ва ётоқхоналар, спорт инвентарлари, залларни белгиланган тартибда машғулотлар учун тайёрлашмоқда, санитар-гигиеник, дезинфекция ишларини олиб боришмоқда. Республика комиссияси томонидан рухсат берилиши билан спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам ўқув-машғулот йиғинлари давом эттирилади. Бу борада ҳар бир спорт базасига кириш учун махсус дезинфекция тоннеллари ўрнатилмоқда.