Карантиндан кейин спортчиларимизнинг йиғини қандай ташкил қилиниши мавзусида семинар ўтказилди

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) томонидан “Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг 2021 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини муваффақиятли тайёрлаш” мавзусидаги амалий семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси (ЎзРПА) масъул ходими Шавкат Султонов, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, РСТИАМ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Садиков, юртимизда фаолият олиб бораётган Олимпия спорт турлари бўйича федерацияларнинг Бош котиблари, терма жамоа мураббийлари ва спорт шифокорлари иштирок этишди. Таъкидлаш жоиз, мазкур учрашувда қатнашган барча мутасаддилар ижтимоий масофа ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишди ва семинар икки қисмда ташкил этилди.

Дастлаб РСТИАМ шифокори Татьяна Таралёва Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси мисолида COVID-19 инфекциясининг тарқалишини олдини олиш, федерация ҳудудида олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берди. Сўнг РСТИАМ даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Дилшод Маҳмудов коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича ҳукуматимиз томонидан чиқарилган тегишли қарорлар, спортчиларимизни бўлажак Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича марказ томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ҳақида тушунтириш берди.

Шунингдек, семинар давомида РСТИАМ директори Абдушукур Садиков мамлакатимизда эълон қилинган карантин бекор қилингач терма жамоа спортчиларининг ўқув-йиғин машғулотларини қандай олиб бориши ҳақида тўхталиб ўтди.

Семинар қатнашчилари ўз ишларини тақдим қилгач, йиғилиш якунигача мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб бериб ўтишди.