Сколиозни тузатиш учун 5 та машқ

Сколиоз умуртқа поғонасининг эгрилиги бўлиб, аксарият ҳолларда ён томонга ўзгаради. Бу физиологик оғиш уч ўлчамли деформация деб ҳам аталади. Кўпинча сколиоз ҳатто ўсмирлик даврида ҳам учрайди ва соғлиққа жиддий муаммо олиб келмайди, чунки у асосан эстетик аҳамиятга эга. Шунга қарамай, ҳатто мўътадил эгриликлар ҳам умуртқа поғонаси, нафас олиш тизими функциялари чекланишига олиб келади ва мияга қон оқимини секинлаштиради. Натижада, бош айланиши ва самарадорлик пасайиши кузатилишини истисно қилиб бўлмайди. Бундай касаллик компьютер экранида «ўтириб» ишлайдиган одамларга хосдир.

Бундан халос бўлиш учун қоматни тиклашга қаратилган бир қатор махсус машқларни мунтазам бажариб туриш керак.

1. Орқа томонни чўзиш машқлари

• елкангиз билакнинг, белингиз тиззанинг юқорисида турган ҳолда тўрт оёқланг;
• орқа гавданинг кўкрак соҳасини тепага кўтариб букинг ва шу ҳолатда бир неча сония ушлаб туринг;
• тескари томонга эгилиб, шу ҳолатда тўхтанг;

Aста-секин бел томондан эгилишни бошланг ва ҳар қандай ҳолатда кескин ҳаракат қилманг – кўкрак қисмини аста-секин эгинг, шундан кейин эгилишни белга қараб олиб боринг.

2. Мушакларни чўзиш машқлари

• ўнг оёқни буккан ҳолда олдинга қаранг, чап оёқни орқага узатиб тиззада туринг;
• қўл бармоқларини ўнг оёқнинг икки ёнидан полга туширинг;
• гавдангизни текис тутинг, елкангизни туширинг, кўкрагингизни тўғриланг;
• қориннинг паст қисми – човда тарангликни ҳис этинг;
• ҳолатни 30 сония ушлаб туринг, сўнг оёқларни алмаштиринг ва шу машқни такрорланг.

3. Сон мушакларини чўзиш

• ерга чалқанча ётинг, оддий тасма ёки эспандер олинг;
• бир оёғингизни кўтаринг, оёққа тасма қўйинг ва тиззани букмасдан, оёқни ўзингизга яқинроқ тортинг;
• мушакларингизни 30 сониягача чўзинг, кейин оёғингизни алмаштиринг ва такрорланг.

4. Умуртқани бураш

• чалқанча ётинг, қўлларингизни икки ёнга ёзинг;
• тос бўшлиғини бир оз ўнгга силжитинг, ўнг оёғингизни тиззадан эгиб, чап сон устига қўйинг, уни чап сонингиз ёнидаги жойга туширинг;
• бошингизни ўнгга қайиринг ва эркин қўйинг;
• ҳолатни 30 сония ушлаб туринг, сўнгра оёқларни алмаштиринг ва такрорланг.

5. Қориннинг олд мушаклари

• чалқанча ётинг;
• орқанинг елка қисми ва оёқни полдан узиб олинг. Бел қисми ерга қолади;
• қўлларни тўғрилаб гавда бўйлаб полга параллел равишда узатинг;
• оёқ бармоқлари кўз даражасида кўтарилади;
• ҳолатни 30 сония ушлаб туринг;
• кейин оҳисталик ва эҳтиёткорлик билан ўрнингиздан туринг.

Ушбу машқларни ҳафтада уч-тўрт марта бажаринг – бу сколиозни унутишга ва чиройли қадди-қоматга эга бўлишга ёрдам беради.

Манба: https://lifehacker.ru/skolioz/