Ўзбекистон дзюдо федерацияси ва FILJKAM ўртасида шартнома имзоланди

Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда Италия яккакураш спорт турлари (FILJKAM) федерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ушбу ҳамкорлик шартномасининг тамал тоши Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камиловнинг Италияга ташрифи чоғида қўйилган эди. Ўшанда А.Камилов Рим шаҳрида Италия яккакураш спорт турлари (FILJKAM) ва дзюдо федерациялари президенти Доменико Фалькони, бош котиб Массимилиано Бенуччи, техник директор Киёши Мураками, Италия кураш (ўзбек кураши) федерацияси президенти Витторио Жоржи билан икки томонлама ҳамкорлик юзасидан учрашув ўтказган эди.

Ушбу ўзаро ҳамкорлик ришталари расман, қонуний жиҳатдан кучга кирди. Ҳар икки федерация раҳбарлари коронавирус пандемияси сабаб шартномага масофадан туриб имзо чекишди.

 

Келишувга кўра Ўзбекистон ва Италия дзюдо федерациялари ўртасида кенг қамровда ҳамкорлик олиб борилади. Жумладан, имзоланган ҳужжатда ҳар икки давлат асосий таркиб терма жамоаларининг қўшма йиғинларини Тошкент ва Римда ўтказиш, спорт тиббиёти ва фармакология, допингга қарши курашиш соҳаларида биргаликда ишлаш, икки мамлакат мураббий ва ҳакамлари учун қўшма семинарлар ташкил этиш каби масалаларни алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати

19 May, 2020|Янгиликлар|