Футболдаги антиқа аломат ва иримлар

Футболчилар – спортчиларнинг энг аломатли тоифаларига киради. Ўйинчилар, тренерлар, врачлар, маъмурлар, ҳайдовчилар – хуллас, клублар ва терма жамоаларга тааллуқли ҳамма ўз иримларига ишонади.

Масалан, футбол бўйича икки марта жаҳон чемпиони, беҳисоб совринлар соҳиби – бразилиялик Рональдо ҳамма вақт майдонга ўнг оёғи билан қадам қўяди.Унинг ҳамюрти Роберто Карлос ҳам доим шу иримга амал қилади.

Премьер-лигада беш марта чемпион бўлган, кўп марта Англия кубогини қўлга киритган, Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида ғолиб чиққан “Челси” жамоасининг капитани Жон Терри ФИФАнинг сайтида қуйидагиларни баён қилган: “Мен автобусда ҳамма вақт бир ўриндиқда ўтирганман, гетрамнинг ҳар бирини уч марта ёпишқоқ лента билан ўраганман, йўл давомида доим бир хил қўшиқларни тинглаганман, Стэмфорд Бриж стадионидаги ҳар сафар ўйин олдидан машинамни бир жойга қўйганман”.

Футболда энг машҳур одатлардан бири “бошнинг кал жойини ўпиш” бўлган. Франция терма жамоасининг ҳимоячиси Лоран Блан дарбозабон Фабьен Бартез калласининг учини чапиллатиб ўпарди. Уларнинг ҳар иккиси мамлакат терма жамоасининг 1998 йилда жаҳон чемпиони, 2000 йилда Европа чемпиони бўлишига муносиб ҳиссаларини қўшган.

Англия терма жамоасининг ҳужумчиси Гари Линекер машқ пайтида бирон марта тўпни дарбозага тепмасди. У бу билан ўйин пайтда тўпни дарбозага аниқ йўналтиришини “тежарди” деб ҳисобларди. Италиянинг “Юветус” клуби ва Португалия терма жамоасининг ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳам худди шу фикрда бўлган.

Машҳур дарбозабон Икер Касильяс ўйин пайтида энг ашаддий иримчи ҳисобланарди. Масалан, улар бир ўйин олдидан футболкаси енгини кесарди ва гетраларини ташқи томонга ўрарди. Агар унинг жамоаси гол урса, у ўз дарбозаси тўсинига чап қўлини теккизарди.

Россия дарбозабонлари ҳам иримчилардан ҳисобланарди. Масалан, “Спартак” клуби ва собиқ Иттифоқ жамоалари дарбозабони Ринат Дасаев бир сафар ГФР дарбозабони Харальд Шумахердан совға сифатида қўлқоп олган ва ўшандан буён ўйинларга уни ўзи билан олиб борган. У ўйин пайтида бу қўлқопни қўлига киймасди, лекин тумор сифатида дарбозасининг чап томонига қўярди. Бу ўзига қўшимча ёрдам беради, деб ҳисобларди. Афсонавий Лев Яшин ирим қилиб, майдонга кепкада чиқарди ва ҳар бир ўйин олдидан тўпни албатта қўли билан силарди.

“Спартак” клубининг дарбозабони Артём Ребров ўйинга шайланиш ва куч-қувватини тўплаш учун дарбоза устунини севгилисини ўпгандек ўпарди.

Бундай иримлар тренерлар учун ҳам хос бўлган. Жумладан, Киевнинг “Динамо” клуби ва Украина терма жамоасининг бош тренери Валерий Лобановский автобусдан ҳаммадан кейин тушган ҳамда ҳеч қачон футбол майдони чизиқларини босмасди.

“Челси” жамоасининг тренери Жозе Моуриньо омад келтирадиган “Армани” русумли кулранг пальтосидан ҳатто кун 30 даража иссиқ бўлган пайтларда ҳам айрилмаган. Жозе Моуриньо биринчи мағлубиятдан кейиноқ бу бахт келтирадиган пальтосидан воз кечган.

Полтаванинг “Ворскла” жамоаси собиқ тренери Николай Павлов ҳам ана шундай ирим қилиш одати бор эди. У Европа лигасига чиқиш учун ўйин пайтида 35 даражали иссиқда аввалги ўйинда муваффақият келтирган костюмида ва галстук таққан ҳолда терлаб ўтирган.

Машҳур Гус Хиддинк стадионда ҳамма вақт муваффақият келтирган аввалги ўйинда тақиб олган галстугини тақиб ўтирган. Жамоаси ўйинни ютқазадиган бўлса, у ҳам галстугини ўзгартирган.

Италиянинг “Пиза клубининг собиқ президенти Ромео Анконетани ҳар бир муҳим ўйин олдидан футбол майдонига туз сепарди. Бир гал “Чезена” жамоаси билан ўйин олдидан (афтидан, унда муваффақият қозонишга шубҳа бўлган) футбол майдонига 26 килограмм туз сепган.

“Шахтёр” жамоасининг тренери Александр Спиридон омад учун Молдова-ГФР учрашувидан сўнг Лотар Маттеусдан сўраб олган тумордан фойдаланган. Бу жамоа капитани қўлига боғлайдиган боғич бўлган. Тренер бу боғични ўйин олдидан жамоаси капитанига берган.

Психологлар бу ҳақда қандай фикрда?
Бу, албатта, иримларнинг тўла рўйхати эмас. Бироқ, ана шу одатларнинг бемаънилигига қарамасдан, бу спортчилар учун муҳимдир. Чунки иримларга ишонч уларга ҳаяжонларини босишга, томошабинлар учун эса қизиқарли ва мазмунли ўйиндан завқланишга хизмат қилади.

19 May, 2020|Янгиликлар|