Ислом бирдамлик мусобақаси Токио Олимпиадаси билан «тўқнашмаслик» учун қолдирилди

Маълумки, ҳар 4 йилда аҳолисининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қиладиган мамлакат вакиллари ўртасида Ислом бирдамлик ўйинлари ҳам ўтказиб келинади. 2021 йил Туркиянинг Коня шаҳри мезбонлик қилиши кўзда тутилган мазкур комплекс мусобақа ҳам номаълум муддатга қолдирилди.

Бу ҳақида Ислом бирдамлиги спорт федерациясининг (ISSF) Ижроия қўмитаси маълум қилмоқда. Бунга сабаб эса мусобақанинг Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари билан бир вақтга тўғри келиб қолмаслигининг олдини олиш. Режага кўра, мазкур мусобақа 20-29 август кунлари бўлиб ўтиши кўзда тутилган эди.

Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси сабаб Токио-2020 Олимпия ўйинлари 23 июль – 8 август, Паралимпия ўйинлари эса 24 август – 5 сентябрь кунларига ўзгартирилган эди. Сўнгги бор Ислом бирдамлик ўйинлари 2017 йил Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган ва унда делегациямиз 15 та олтин, 17 та кумуш ҳамда 31 та бронза медалларига сазовор бўлган эди.