Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси сирдарёлик ватандошларни қўллаб-қувватлайди

Мамлакатимиз тарихидаги мана шундай синовли кунлар ўзбек халқини бир-бирига янада жипслаштирмоқда, десак муболаға бўлмайди. Бағрикенг ўзбек халқи бугун Сирдарёда мушкул вазиятда қолган юртдошларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳам мана шундай саховатли ишга кўмак қўшиш мақсадида Сирдарё вилоятига етиб борди. Мазкур хайрия тадбирида МОҚ номидан Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов ҳамда қўмитанинг Сирдарё вилояти бўйича вакили Равшан Сатторов иштирок этишди.

Маълумки, Сардоба сув омборининг ўпирилиши натижасида вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида яшовчи фуқароларнинг уйлари сув остида қолди. Бугунги хайрия Мирзобод тумани, Янги овул қишлоғида истиқомат қилувчи оилалар учун ташкил қилинди.

МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази томонидан ажратилган автомашинада аҳолига яшаш шароитида биринчи навбатда керак бўладиган зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник воситалар, кийим-кечаклар ва болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар етказиб берилди. Таъкидлаш жоиз, мазкур хайрия ишларида бир қатор спорт федерация ва ассоциациялар ҳам фаол иштирок этишди. Шунингдек, Сирдарё вилоятининг мазкур офатдан зарар кўрганлар учун очилган жамоат фондига МОҚ томонидан маблағ ўтказиб берилди.

Бугун Янги овул қишлоғида истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз президентимиз бошчилигида сирдарёликларни қўллаб-қувватлаш учун олиб борилаётган саъйи-ҳаракатлар, мамлакатимиз аҳолиси томонидан кўрсатилаётган меҳр-саховат, МОҚ жамоасининг кўрсатган шундай ёрдамидан чексиз миннатдор эканликларини билдиришди. Асосийси, кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан қувонган кўзларда эртанги кун учун умид учқунлари пайдо бўлмоқда.