Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси билан онлайн машғулот ўтказилди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбарияти иштирокида спортчиларимиз билан онлайн машғулот ўтказилди. Машғулот давомида федерация Бош котиби Козим Ўринбойхўжаев ҳамда олимпия терма жамоа мураббийи Руслан Нуртдинов спортчиларимизнинг карантин даврида қандай шароитда шуғулланишаётгани ҳақида батафсил тушунтириб беришди. Шунингдек, юзага келган мураккаб вазиятга қарамасдан, мана шундай кунларда велоспортчиларимиз зарур инвентарлар билан ўз вақтида таъминлангани учун ҳукуматимиз ва спортимиз раҳбариятига ўз ташаккурларини билдириб ўтишди.

Ўз навбатида МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларимизни янада матонатли ва чидамли бўлишга чорлаб, ҳукуматимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришини таъкидлади.

«Шароитларнинг барчаси сиз спортчилар учун. Ҳукуматимиз томонидан карантин учун зарур чора-тадбирлар ўз вақтида кўрилди ва биз бу кунларни тобора ортда қолдирмоқдамиз. Тушунаман, велоспортчилар учун шосседа шуғулланишнинг ўз ўрни бор. Сизларга хушхабар тариқасида шуни айтишим мумкинки, тез орада магистрал йўлларда шуғулланиш учун ҳам расмий рухсат берилади. Лекин унгача яна озгина чидашингизни сўраб қоламиз», – дейди Рустам Шоабдураҳмонов.

Онлайн машғулот давомида МОҚ раҳбарияти томонидан карантин кунларидан кейин велосипед спортини юртимизда янада ривожлантириш, Олимпиячиларимиз ва асосий терма жамоамиз учун халқаро мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларини тузиб чиқиш масалаларини атрофлича кўриб чиқиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.