Баҳодир Ғофуров: ”Мавсум самарали бўлди”

Биз Ўзбекистон Хоккей федерациясининг вице-президенти Баҳодир Ғофуров билан мавсум якунлари ва келажак режалари ҳақида суҳбатлашдик.

– Баҳодир Исмоилович, федерациягизнинг  ўтган мавсумдаги асосий сарҳисоби ҳақида нима дея оласиз?

– Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, 2019 йилни клуб хоккейи йили дея оламиз. Биз мамлакатимизда хоккейни ривожлантиришнинг бошланғич босқичида иҳлосмандларимизга ўзимиз учун  янги, бироқ жаҳонда  жуда оммавий ва севимли спорт тури билан бевосита танишишларига имконият яратиш жуда муҳим деб ҳисобладик.

Хоккей бўйича биринчи  Ўзбекистон чемпионати ташкил этилди ва унда тўрт жамоа иштирок этди. Ўйлашимизча, мавжуд имкониятларимиз даражасида турнирни муваффақиятли ўтказишга эриша олдик.

Ўтган йил март ойида “Ҳумо аренаси”нинг очилиши хоккейчиларимиз учун  ажойиб шарт-шаройит яратиб берди. Май ойидаёқ Россия ва Ўзбекистоннинг тўрт ёшлар жамоасининг, июнда эса   болалар ўртасида халқаро турнирни ўтказиб, хоккей майдонини синаб кўрдик.

Май ойида Олий хоккей лигаси чемпионатида иштирок этиш учун “Ҳумо” клуби асосида  профессионал хоккей жамоасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ёзнинг уч ойи  давомида биз кучли хоккей жамоасини шакллантиришга мувафффақ бўлдик ва 11 сентябрдаёқ “Ҳумо” хоккей клуби Олий хоккей лигасининг чемпионатида биринчи учрашувни ўз аренасида ўтказди. Бу биринчи ўйиндаёқ катта ғалабага эришилди. Ўша ўйин хоккей  ишқибозларининг ёдига муҳрланганига аминман: жамоамиз ўйинчилари рақиблари дарвозасига жавобсиз бешта шайба киритишга муваффақ бўлдилар.

Ўтган йилнинг яна бир муҳим воқеаси Федерациямизнинг Хоккей халқаро федерациясига аъзо бўлганлигидир.

Йил давомида биз болалар хоккей мактаблари билан мунтазам шуғулланиб келдик.

– Айтганча, шу йил апрель ойида олий хоккей лигасида қатнашаётган “Ҳумо” бу мавсумни ўтказиб юборишини эълон қилди…

– Ўзингиз коронавирус пандемияси туфайли бутун жаҳонда нима бўлаётганини кўриб турибсиз. Нақадар умидвор бўлмайлик, бу юқумли касаллик сабабли  жорий этилган чегаралашлар бир-икки ҳафта ёки ой ичида тўла бекор қилиниши амри маҳол. Коронавируснинг тарқалиши оқибатлари Россия ва Ўзбекистон ҳудуддларида оммавий спорт мусобақларини тўлақонли ўтказиш учун яқин вақтда имконият бўлмаслигидан далолат бермоқда.

Шу йил 30 апрелда хоккейчиларимиз ва тренерларимиз штабининг контрактлари амал қилишининг муддати тугади. Яъни биз ана шу муддатга қадар янги контрактлар тузиш бўйича қарор қабул қилишимиз керак эди. Федерация ва клуб раҳбарияти коронавирус пандемияси оқибатидаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда янги мавсум бошланиши муддатлари ва жамоанинг ана шу чемпионатда  муаммосиз иштирок этиши мавҳумлиги учун хоккейчилар ва тренерлар зиммасига янги контрактлар мажбуриятини юкламасликни мақбул топди. Янги мавсумда ўйинларни тамошабинларсиз ўтказиш (бундай ҳолат кўпчилик хоккей лигалари томонидан кўриб чиқилмоқда) ҳам биз учун мақбул эмас. Фикримизча, ишқибозларнинг  ўйинчиларни қўллаб-қувватлаб туриши хоккей мусобақаларининг ажралмас таркибий қисмидир, кўпинча эса бу ғалаба қозонишнинг асосий омил бўлади. Биз  мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлаб туриши нақадар катта аҳамиятга эга эканлигига нимчорак финалда “Торос” билан учрашувлардаги ёрқин ғалабаларимиз, ва аксинча, уларнинг йўқлигини чорак финалда “Звезда” билан беллашувимизнинг муваффақиясиз  натижалари мисолида ишончимиз комил бўлган.

Жамоани бу йилги мавсумда иштирок этмаслиги ва уни тарқатиб юбориш  тўғрисидаги қарор кўп жиҳатдан хоккейчилар ва тренерлар манфаатини кўзлаб ҳам қабул қилинди. Бу уларга бошқа клублар билан контрактлар туза олишларига имконият яратди.

– “Хумо” клубининг мавсумни ўтказиб юбориши Ўзбекистон миллий  терма  жамоасини шакллантириш муддатларига таъсир кўрсатадими?

– Биз бу йил, биринчи навбатда “Ҳумо-2” жамоаси аъзолари ҳисобига миллий терма жамоани шакллантиришни режалаган эдик. Ҳозирча бу жараёнга қанча муддат талаб қилиниши тўғрисида аниқ бир гап айтиш мушкул, аммо бу муддатни узайтиришга тўғри келиши шубҳасиз. Лекин биз 2022 йилдан кечикмасдан жаҳон биринчилигининг саралаш  босқичи ўйинларида иштирок этишдан жуда умидвормиз.

– Шахсан ўзингиз ўзини ўзи яккалаш вақтингизни қандай ўтказмоқдасиз?

– Бу қанчалик сийқаси чиққан гап бўлса ҳам карантин вазиятининг шубҳасиз фойдаси – кўпроқ вақтни оила билан ўтказиш, фарзандлар тарбиясига кўпроқ вақт ажратиш имкониятидир.

Ўзини ўзи яккалаш пайтида ҳам кун бўйи банд бўлишим учун иш етарли, чунки Хоккей федерацияси мен учун яккаю ягона иш жойим эмас. Шунга қарамасдан, ҳозир болаларимга дарсларини тайёрлашга ёрдам бериш, уларни қизиқтираётган саволларга батафсил жавоб қайтариш, биргаликда телевизор, кино кўриш, ўйинлар ўйнаш, айниқса жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларига кўмаклашиш учун вақт топилмоқда.

– Пандемия пайтида Хоккей федерацияси нима билан машғул?

– Мана, бир ойдан кўпроқ вақтдан бери ходимларимиз масофада туриб ишламоқда. Тўғри, улар иш жойларига  қайтиш, ҳамкасблари билан учрашишни орзиқиб кутишмоқда.

Ҳозирги пайтда болалар хоккейини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш билан фаол шуғулланмоқдамиз. Масофада туриб тренерлар, ёш хоккейчилар билан алоқа қилиб бормоқдамиз. Ҳозирги шароитда уларнинг ўз жисмоний ҳолатларини йўқотмасликлари жуда муҳимдир. Акс ҳолда кейинчалик бу йўқотишни тиклаш жуда қийин бўлади. Ўзини ўзи яккалаш чўзилиб кетганлиги учун биз машқлар ўтказиш видео туркумини ёзиб олдик. Бу машқлар билан фақат болалар хоккей мактабларининг тарбияланувчиларигина эмас, шунингдек барча болалар ва ўсмирлар ҳам шуғулланишлари мумкин. Бу видео дарсларидан ҳамма эркин  фойдалана олади. Ҳакамлар билан ҳам масофадан туриб машғулотлар олиб борилмоқда.

Суҳбатимиз якунида мамлакатимизда хоккейни ривожлантириш режаларимиз жуда жиддийлигини таъкидламоқчиман. Ўзбекистон Хоккей федерацияси бу режаларни ҳаётга тадбиқ этиш ишини давом эттиради. Энг асосийси – ҳамма саломат бўлсин!