Алишер Усмонов Сардоба сув тошқинидан жабрланганлар учун 15 миллион АҚШ доллари ажратди

Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти, меценат, ҳамюртимиз Алишер Усмонов юртимиз бошига тушган яна бир синовли кунда ўзининг ёрдам қўлини чўзди. Ҳамюртимиз Сардоба сув омборининг бузилиши натижасида юзага келган фалокат натижасида жабр кўрганларга ёрдам бериш учун ўз ҳисобидан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам қилди. Маълум қилинишича, мазкур хайрия маблағининг 10 миллиони Ўзбекистон, 5 миллион доллари Қозоғистон учун берилган.

ЎзА Алишер Усмоновнинг шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубини чоп этди:

«Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Болалигим ва ёшлик йилларим ўтган она юртимдаги ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, Сардоба сув омборида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарни, шунингдек, уни одамларимиз муносиб ва мардона қабул қилганлигини қалбимда оғриқ билан ҳис қилдим.

Муқаддас Рамазон ойида Аллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади, зеро бу кунларда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам, бир-биримизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар беряпман.

Мен халқимизнинг дуоларига қўшилиб, уларнинг бошига тушган кутилмаган синовлардан тезроқ халос қилишини Аллоҳдан сўраб қоламан», дейилади хатда.

Таъкидлаш жоиз, ўз навбатида миллионлаб ватандошларимиз қатори ўзбек спорти жамоатчилиги Алишер Усмоновнинг мазкур хайрли ишларини қўллаб-қувватлашмоқда.