Ўзбекистон Олимпия ўйинларида. Афина-2004

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси спорт мухлислари учун мамлакатимизнинг Олимпия ўйинларида иштироки ҳақидаги қизиқарли фактларни тақдим қилишда давом этади. Бугун Афина-2004 XXVIII ёзги Олимпия ўйинларини ёдга оламиз. Даставвал, ушбу Олимпиада ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Ўтказилган сана: 13-29 август
Делегациялар сони: 201
Атлетлар сони: 10,625 нафар (6296 эркак, 4329 аёл)
Медаллар жамланмаси: 28 спорт турида 301 та
Аҳамиятли жиҳати: Афинада гендер тенглигига янада катта эътибор қаратилди ва бир неча йўналишларда эркаклар дастуридаги йўналишлар қисқартирилиб, аёллар квотаси учун жой ажратилди.

Ўзбекистон Афина-2004 Олимпия ўйинларида

Ушбу Олимпиада ҳам делегациямиз ўзининг энг кўп сонли атлетлари билан қатнашган Ўйинлардан бири сифатида тарихда қолган. Сиднейда 12, Афинада эса 13 спорт турида 70 нафар спортчимиз иштирок этган. Аҳамиятли томони, Афинада тарихда илк бор 2 та олтин медалларга эга чиқдик. Артур Таймазов (-120 кг) эркин кураш, Александр Доктуришвили (-74 кг) юнон-рум кураш баҳсларида Олимп чўққисига кўтарилишди. Шунингдек, яна бир эркин курашчимиз Магомед Ибрагимов -97 килограмм вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлди. Боксчиларимиз Баҳодиржон Султонов ва Ўткирбек Ҳайдаров эса делегациямиз ҳисобига бронза медалларини тақдим қилишди.

Қўлга киритилган 2 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида 34-ўринни эгалладик.

Эътиборлиси, Афина-2004 Олимпия ўйинларида делегациямиз сузиш йўналишининг ўзида 15 та лицензия қўлга киритган (11 нафар эркаклар, 4 нафар аёллар) бўлиб, ҳар бир лицензияга биттадан спортчи тўғри келган. Таэквондо спортида эса фақат қизларимиз Ирина Кайдашова (-57 кг) ҳамда Наталья Мирюкова (+67 кг) йўлланма олган. Шунингдек, стол тенниси, академик эшкак эшиш (аёллар), таэквондо каби йўналишларда илк бор Олимпия ўйинларида иштирок этганмиз.

Суратлар муаллифи: Анвар Ильясов