Азизжон Камилов: “Жамоамиз ҳозир ҳам стартда тайёр турибди”

Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Aзизжон Камилов ўз интервьюсида ҳозирги чекловлар ва ноаниқлик шароитида, спорт ташкилотини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, республикада дзюдонинг оммавийлигини ошириш режалари билан ўртоқлашди.

– Азизжон Ёқубжонович, дунё бўйлаб коронавируснинг тарқалиши муносабати билан, ХОҚ Токиодаги Олимпия ўйинларини 2021 йилга кўчирилишини эълон қилди. Сизнинг мазкур қарорга муносабатингиз қандай бўлди?

– Аввало, мамлакатимиз ҳукуматига, ҳатто ҳозиргидек оғир дамларда ҳам спортни қўллаб-қувватлаш, спортчилар карантин даврида спорт билан хавфсиз шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб бераётгани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўз ўрнида биз спортчилар Токио Олимпия ўйинларига янада жиддий тайёргарлик кўришимиз ва аввалгидан ҳам кўпроқ ишлашимиз керак. Энди бевосита саволингизга келсак, мен бу янгиликни хотиржамлик билан қабул қилдим ва буни тўғри тушундим. Сабаби, бу жуда оқилона ва кутилган қарор эди. Дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакат спортчилари Токиода йиғилишлари керак ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас эди. Асосийси, бу қарор ХОҚ томонидан глобал хавфсизлик учун қабул қилинган – айни дамда инфекцияни енгиш ҳаммасидан муҳимроқдир.

– Олимпиада бир йилга сурилди. Бу ҳолатда Ўзбекистон терма жамоаси тўрт йилликнинг асосий стартига қандай тайёрланмоқда?

– Биз спортчиларимизнинг ўқув жараёни узилмаслиги учун барча зарур чораларни кўрган ҳолда йигитларни 2021 йилдаги муносиб натижаларга тайёрлашда давом этяпмиз. Олимпиаданинг сурилиши спортчиларнинг бўшашиб, дам олишлари учун баҳона бўлмаслиги керак эди ва бундай бўлмади ҳам. Бизнинг жамоамиз ҳозир ҳам том маънода стартда тайёр турибди.

– Дзюдочиларимизнинг тайёргарлиги ва спорт формаси, шунингдек, Олимпия ўйинлари лицензияларини қўлга киритишга асосий даъвогарларимиз ҳақида нима дея оласиз? Улар ўзларини қандай ҳис қилишмоқда?

– Дзюдочиларимиз ўртасидаги рақобат ҳақиқатан ҳам жуда юқори. Ўйинларга яқинлашаётганимиз сайин ҳар ойда кураш янада кучайиб боради. Буни ҳар бир спортчи ҳис қилади ва умуман олганда бу тушунарли ҳолат. Гап шундаки, бизда ҳақиқатан ҳам жуда кўп истеъдодлар бор. Шунинг учун йигитлар астойдил машқ қиладилар ва жисмоний кўрсаткичларини диққат билан кузатадилар. Биз барча вазн тоифаларида кучли даъвогарларга эгамиз, бу аслида камдан-кам учрайдиган ҳолат. Масалан, Дюссельдорфда бўлиб ўтган «Катта Дубулға» турнири ғолиблари ўзларининг юқори чўққиларида ажойиб натижаларни намоён этишмоқда: Давлат Бобонов (-90 кг) ва Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг), Париждаги “Катта Дубулға” кумуш ва бронза медали соҳиблари Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ва Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг), шунингдек Токиодаги Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг). Шу билан бирга, муносиб натижаларни намойиш этадиган аёллар жамоасини ҳам унутмаслик керак.

– Келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадада мураббийлар штаби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдига қандай вазифалар қўйилган?

– Мақсадимиз жуда юқори ва бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз Олимпия ўйинларидан камида 3-4 та медални, шу жумладан энг юқори пробалиларини ҳам олиб келишни кутяпмиз. Айтмоқчи бўлганим, мураббийлар штаби, раҳбарият ва спортчилар зиммасига катта масъулият юкланган. Шу билан бирга, ҳар бир киши танланган стратегияни амалга ошириш учун биргаликда, қатъий ва юқори масъулият билан ишлайди.

– Дзюдо ривожида минтақаларнинг ютуқлари ҳақида гапириб беринг. Ўзбекистоннинг спорт марказлари сифатида ҳудудларнинг мустаҳкамланиши қандай натижаларга олиб келиши мумкин?

– Мамлакатимизда дзюдо спорт турига катта эътибор қаратилаётгани қувонарлидир: масалан, ихтисослаштирилган мактаблар тажрибали мураббийлар томонидан муваффақиятли бошқарилмоқда. Бу ерда шуни таъкидлаш керакки, иқтидорли ёш спортчилар кўп. Бу йил International Judo Federation (IJF) билан биргаликда 40 га яқин шундай мактабларни очишни режалаштиряпмиз. Бу, шубҳасиз, ушбу спорт турининг оммавийлигини оширади ва энг муҳими республикага янги чемпионларни тақдим этади.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати