МОҚ вице-президенти Салим Абдувалиев 70 ёшга тўлди

Бугун МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ва ўзбек спортининг жонкуярларидан бири Салим Киргизбаевич Абдувалиев ўзининг юбилей 70 йиллик таваллуд айёмини нишонламоқда.

Ҳурматли Салим Киргизбаевич,

Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, Олимпия ҳаракати ривожига қўшаётган муносиб ҳиссангизни юксак қадрлаймиз. Сиз нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда спорт курашларининг ривожи йўлида ҳисса қўшиб келаётган мутахассис ҳисобланасиз.

Собиқ Иттифоқ пайтида Арсен Фадзаев, Махарбек ва Аслан Хадарцев каби полвонларни жаҳонга машҳур қилган мутахассислардан бирисиз. Уларнинг Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлиб, шоҳсупага кўтарилишларида сизнинг ҳиссангиз жуда катта. Мустақиллик йилларида эса Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси сифатида Александр Доктуришвили, Артур Таймазов, Сослан Тигиев, Бекзод Абдураҳмонов, Ихтиёр Наврўзов, Элмурат Тасмурадов, Мўминжон Абдуллаев ва Магомед Ибрагимовлар каби полвонларнинг йирик спорт мусобақаларида юртимиз номини дунёга танитишдаги саъй-ҳаракатларингизни қадрлаймиз.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти сифатида юртимизда спорт курашлари бўйича кучли мактаб шаклланишида қўйган пойдеворингиз, пойтахтимизда катталар ўртасидаги Осиё ва жаҳон чемпионати каби мусобақаларнинг ўтказилиши йўлида кўрсатган жонбозлигингизни, биз билан елкама-елка олиб бораётган фаолиятингизни ҳурмат қиламиз.

Бугунги шодиёна кунда сизни 70 ёшлик қутлуғ айёмингиз билан Миллий олимпия қўмитаси, катта спорт жамоатчилиги ва юртимиздаги Олимпия ҳаракатининг барча иштирокчилари номидан муборакбод этишга ижозат бергайсиз. Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ ва спортимиз тараққиёти йўлидаги ишларингизга ривож тилаймиз.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси