XXIII Қишки Олимпия ўйинлари хотиралари

Болалик пайтимда Олимпия ўйинлари мусобақаларини телевизор орқали томоша қилар эканман, бу менга ақл бовар қилмайдиган мўжизадек туюларди. Йиллар ўтган сари спорт оламидаги ана шу энг йирик халқаро мусобақаларга бориш ўйларим ҳам ёддан кўтарилган эди. Бироқ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ходими бўлгач, авваллари умид ҳам қила олмаган энг катта орзуим ушалди.

2018 йилда мен Корея Республикасининг Пхёнчхан шаҳрида 9-25 февралда бўлиб ўтган XXIII Қишки олимпия ўйинларида мамлакатимиз миссияси раҳбари сифатида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Ушбу Қишки олимпия ўйинларда Ўзбекистондан икки спортчи: тоғ чанғиси бўйича Комилжон Тўхтаев ва музда фигурали учишда Миша Гэ қатнашган эди.

Олимпия ўйинларида иштирок этиш менинг учун нафақат катта бахт, шунингдек улкан масъулият ҳам эди. Бу мусобақалар мен учун иккинчи энг йирик спорт тадбири эди. Аввалги комплекс мусобақаларда яхшигина тажриба орттирган эдим, аммо бу сафар Олимпия ўйинларида миссия раҳбари сифатида каминага жуда кўп янги вазифалар ва масъулиятлар юкланганди. Зиммамда спортчиларимиз, тренерларимиз ва делегациямиз бошқа расмий шахсларининг Олимпия ўйинларида иштирок этишлари учун ҳамма энг қулай шарт-шароитларни яратиб бериш вазифаси турарди.

 

Қишки олимпия ўйинлари мусобақалари Очилиш маросими кунидаёқ бошланганди. Бу тантанали тадбир бошланишидан аввал Ўйинларда иштирок этаётган 92 мамлакат делегациялари улкан хонада тўпланишганди. Барча мамлакатларнинг спортчилари ва делегация аъзолари бу ерда бир-бирлари билан танишиш, суҳбатлашиш, эсдалик совғалари билан айрибошлаш имкониятига эга бўларди. Бу ерда мен машҳур спортчилар Мартен Фуркат, Лаура Дальмайер, Марит Бьёрген ва бошқаларни учратдим. Шунингдек бошқа мамлакатларнинг миллий олимпия қўмиталари вакиллари билан танишдим. Шундан сўнг делегациялар Бош стадионга навбатма-навбат чиқа бошлашди. Шу тарзда ҳаммани кўлами, чиройи ва уюшганлиги билан ҳайратга солган Очилиш маросими бошланди.

Парадда Ўзбекистоннинг уч вакили – миссия раҳбари сифатида мен, спортчимиз Комилжон Тўхтаев ва унинг тренери қатнашди. Комилжон Тўхтаев Ўзбекистон жамоаси байроқдори бўлди. Бутун жаҳон спорт жамоатчилиги орасида тантаналарда иштирок этар эканман, Ўзбекистон вакили эканлигимдан ғоят ғурурланар, бахт-қувонч ҳисларим тўлиб-тошган эди.

Парадда ноёб воқеалардан бири Тонга мамлакати байроқдори чанғичи Пита Тауфатофуа ўз мамлакати байроғини миллий либосда – мой сурилиб ялтиллаётган яланғоч гавдасида таовале белбоғи билан шахдам одим отиб ўтиши бўлди. Шуниси эътиборлики, у 2016 йилда Рио-де-Жанейродаги Ёзги олимпия ўйинларида ҳам ўз мамлакатининг байроқдори бўлган.

Яна бир ноёб воқеа – ушбу Олимпия ўйинлари Очилиш маросимида Жанубий ва Шимолий Корея давлатлари делегацияларининг ягона Корея байроғи остида ўтганлари бўлди.

Эртаси куни бевосита қишки олимпия ўйинлари мусобақалари бошланди ва мен уларда қатнашдим. Бизнинг спортчи ва унинг тренери билан тоғ спорти мусобақаларини кўргани бордик. Ўша ерда, баланд тоғда турли мамлакатлардан келган спортчилар ўртасида уларнинг мусобақаларга қандай эътиборлик билан тайёргарлик кўришлари, маррага етганларидан сўнг орзиқиб эришган натижаларидан нақадар ҳаяжонда бўлишларини кузатдим. Спортчилар бу мусобақаларга йиллар давомида тайёргарлик кўришади, қилган меҳнатлари самара келтирса – фахрий шоҳсупадан ўрин олсалар, фақат ўзларини эмас, шунингдек давлатларини ҳам шон-шуҳратга буркашади. Юксак даражада бўлиб ўтаётган мусобақаларни кузатар эканман, бу беллашувлар фақат томошабинлар учун жуда қизиқарли ва ҳаяжонли бўлмасдан, спортчилар уларда жароҳатлаши ҳам мумкинлигига гувоҳ бўлдим.

Шунингдек, биатлон бўйича мусобақаларни ҳам кузатдим, уларда ҳар бир нишонга тегмаган ўқ ва чанғида учишда ҳар бир он мусобақа тақдирини ҳал қилишига амин бўлдим. Беларусь аёллар терма жамоаси аъзоларининг мусобақада иштирок этишларини кузатар эканман, уларнинг жипслиги, уюшқоқлиги ва интизомлиги олтин медалга сазовор бўлишлари замини эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Мусобақалар ўтказилмаётган пайтда спортчилар кураш олиб борадиган трассани айланиб чиқиб, биатлон жуда чидамли ва матонатли спортчиларнинг мураккаб спорти эканлигига гувоҳ бўлдим.

Ўз ҳаётимда илк бор Россия, Канада, Чехия каби терма жамоаларнинг мусобақаларини кузатдим. Бу мусобақалардаги муҳитни сўз билан ифодалаш қийин, ҳис-туйғулар ниҳоятда жўш уради.

Шунингдек, муз устида фигурали учиш мусобақаларида ҳам бўлдим. Терма жамоамиз спортчиси Миша Гэ, номдор спортчилар Юдзуру Ханю, Алина Загитова ва Евгения Медведеваларнинг чиқишлари менда унутилмас таассурот қолдирди.

Шуниси қизиқарлики, Қишки олимпия ўйинлари икки шаҳарда – тоғ чанғиси спорт турлари учун Пхёнчханда ва хоккей, фигурали учиш, керлинг ва ҳоказолар учун Каннинда бўлиб ўтди. Терма жамоамиз аъзолари фақат спортчилар К.Тўхтаев ва М.Гэдан иборат бўлиб, улар Олимпиаданинг турли қишлоқларида туришарди. Шу сабабли улар олдига бориш учун кунига қор ва муз қоплаган йўлаклардан бир неча километр масофани босишга тўғри келарди.

Қишки Олимпиадани ўтказиш даврида Корея Республикасининг Миллий олимпия қўмитаси томонидан мусобақаларда иштирок этаётган барча делегациялар учун қабул маросими ўтказилди. Ушбу маросимда Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан учрашдим. У бир ўзи турган пайтда олдига бордим ва Ўзбекистон делегацияси миссиянинг раҳбари эканлигимни айтиб, у билан кўришдим. Томас Бахга унинг Халқаро олимпия қўмитасидаги фаолиятидан ниҳоятда завқланишимни билдирдим. Шундан кейин у билан суратга тушдим. Мен, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 8-Бош котиби Пан Ги Муннинг қўлини олишга муяссар бўлдим.

Олимпия ўйинлари мен учун фақат қимматли тажриба бўлибгина қолмасдан, маҳаллий об-ҳаво синовидан ҳам ўтказди. Ўзбекистон фуқароси бўлганим учун мен анчайин юмшоқ қиш об-ҳавосига ўрганиб қолганман. Пхёнчханнинг совуқ ва юқори намли об-ҳавоси эса ҳайратлантирмай қолмади. Аммо ҳар бир спортчи, шунингдек делегат об-ҳавоси турлича бўлган мамлакатларда ўтказиладиган мусобақаларга тайёр туриши керак. Ҳудди шунинг учун улар иложи борича тезроқ маҳаллий шароитларга мослаша олишлари керак.

Пхёнчхандаги Қишки Олимпия ўйинлари ҳаётим ва хизмат вазифамда муҳим роль ўйнади. Олимпия ўйинларидаги фаолиятим давомида Ташкилий қўмита, Халқаро олимпия қўмитасининг кўпгина вакиллари билан танишдим, улар зарурат туғилганда менга маслаҳатлари билан ёрдам қўлини чўзди. Натижада бу Олимпия ўйинларида орттирган тажрибам Ўзбекистон делегациясининг Индонезиядаги Осиё ўйинларида ва Аргентинадаги Ёшлар Олимпиадасида иштирок этишларини ташкил этишдаги, шунингдек 2021 йилда Токиода бўладиган Олимпия ўйинлари Ташкилий қўмитасидаги фаолиятимга ёрдам берди.

МОҚ халқаро алоқалар департаменти
бош мутахассиси Нозим Атакулов