Ўзбекистон Олимпия ўйинларида. Сидней-2000

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси спорт мухлислари учун мамлакатимизнинг Олимпия ўйинларида иштироки ҳақидаги қизиқарли фактларни тақдим қилишда давом этади. Бугун Сидней-2000 XXVII ёзги Олимпия ўйинларини ёдга оламиз. Даставвал, ушбу Олимпиада ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Ўтказилган сана: 15 сентябрь – 1 октябрь
Делегациялар сони: 199
Атлетлар сони: 10,651 нафар (6582 эркак, 4069 аёл)
Медаллар жамланмаси: 28 спорт турида 300 та

Ўзбекистон Сидней-2000 Олимпия ўйинларида

Ушбу Олимпиада делегациямиз ўзининг энг кўп сонли атлетлари билан қатнашган Ўйинлардан бири сифатида тарихда қолган. Сиднейда 12 спорт турида 70 нафар спортчимиз иштирок этган. Яна бир аҳамиятли томони Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг ғалабаси шарафига илк бор ёзги Олимпия ўйинларидаги олтин медалимизга сазовор бўлган эдик. Шунингдек, 2000 йилги Олимпия ўйинларида Артур Таймазов (эркин кураш, -130 кг) кумуш, боксчиларимиз Сергей Михайлов (-81 кг) ва Рустам Саидов (+91 кг) бронза медалларига сазовор бўлишган эди. Бу билан умумжамоа ҳисобида 199 мамлакат орасида 43-ўринни эгаллаганмиз.

Эътиборлиси, Сидней-2000 Олимпия ўйинларида енгил атлетиканинг шоҳ йўналиши бўлмиш 100 метрга кечган эстафета баҳсида ҳам эркаклар, ҳам аёллар ўртасида, шунингдек, худди шу масофага эркин усулда сузиш баҳсида ҳам эстафета йўналишида иштирок этганмиз.