Тому Тори: «Ўзбекистонлик дзюдочи Ватанимда шохсупага кўтарилса, икки хисса хурсанд бўламан!»

Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар спорт соҳасида ҳам давом этмоқда.

Жумладан, дзюдо ватани Япониядан келган тажрибали мутахассис, дунёга машҳур Кодокан мактаби тарбияланувчиси, халқаро йўриқчи (инструктор) Тому Тори ҳам ана шу ҳамкорлик доирасида қарийб ярим йилдан бери юртимизда фаолият юритмоқда. Кунчиқар юрт мураббийи фаолияти давомида орттирган тажрибасини барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз аъзоларига улашмоқда.

– Тому, Ўзбекистонга келишингиздан олдин юртимиз дзюдоси ҳақида фикрингиз қандай эди?

– Ўзбекистонга илк бор 2002 йили келгандим. Ўшанда спортчи эдим. Ҳозир эса мураббий сифатида юртингизда бўлиб турибман. Таассуротлар жуда ҳам юқори. Оралиқдаги 18 йил ичида мамлакатингиз барча соҳаларда жуда катта ўсишга эришган. Бу нафақат менинг, балки Ўзбекистонга келаётган бошқа хорижликларнинг ҳам фикри. Энди бевосита саволингизга келсак, Ўзбекистон дзюдоси барча даврларда қитъа ва жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган. Дунёда ҳам ўзбекистонлик дзюдочиларга алоҳида ҳурмат билан қарашади. Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида дзюдочиларингиз медаллар учун даъвогарлар қаторида эътироф этилади.

– Сиз дунёга машҳур Кодокан мактабида дзюдо сир-асрорларини ўргангансиз. Шахсан ўзингиз Ўзбекистонга қайси дзюдо мактаби услубини олиб кирмоқчисиз?

– Бу ерга Янги йил арафасида келганман. Шундан сўнг терма жамоамиз кўплаб хориж йиғинлари, Гран-При ва Катта Дубулға турнирларида иштирок этди. Табиийки, мусобақа ва йиғинлардан ташқари вақт жуда кам бўлди. Ҳозиргача иккитагина вилоятда бўлдим. Охиргиси Сирдарё вилоятида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатини бевосита кузатганим эди. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, менда юртингиз дзюдосини ичкаридан туриб кўриш ва таҳлил қилиш учун тўлиқ имконият бўлмади. Очиғи, асосий урғу Олимпиадага қаратилгани боис болалар дзюдосига эътибор қарата олмадим. Энди фурсати келганда, карантинга тушиб қолдик. Мен бу ерга Ўзбекистон дзюдоси ривожига ёрдам бериш учун келганман. Ўйлайманки, бу миссияни шараф билан уддалайман. Сиз айтгандек, Кодокан мактабида олган билимларим, спортчилик фаолиятим давомида орттирган тажрибаларимни маҳаллий ёшларга улашаман.

– Юртимиз дзюдочиларидан кимларни алоҳида эътироф этган бўлардингиз. Умуман, Ўзбекистон дзюдоси келажагини қандай кўряпсиз?

– Ўзбекистон терма жамоасининг ҳар бир аъзосини кучли деб ҳисоблайман. Алоҳида бир дзюдочини айтмаган бўлардим. Бугунги кунда Олимпиада рейтингига қарайдиган бўлсак, йигитларимизнинг бари Токиога бориш рейтинг поғоналарида туришибди. Тўғри, коронавирус пандемияси сабаб Олимпиада кейинги йилга қолдирилди. Табиийки, мусобақалар ҳам кўчирилди. Карантин бутун дунё дзюдочиларининг бугунги ҳолатига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Энг муҳими, Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш ва дзюдо ватанида шохсупага кўтарилиш керак. Шунда биз мураббийларнинг иши кўзга кўринади. Ўз ўрнида биз вазифамизни бажарган бўламиз. Ўзбекистонлик дзюдочи менинг Ватанимда шохсупага кўтарилса, икки хисса хурсанд бўламан. Бизнинг бош мақсадимиз – ютиш эмас, ютқазмаслик! Табиийки, ютқазмаган спортчи чемпионлик сари дадил одимлайди. Биз терма жамоа дзюдочиларини ютқазмасликка ўргатяпмиз.