Коронавирус пандемияси сабаб тренерлар учун рухсатномалар муддати узайтирилади

Айни пайтда юртимизда юзага келган пандемия сабаб ҳукуматимиз томонидан фуқароларимизнинг яшаш тарзи, фаолияти учун енгиллик яратиш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Ўз навбатида, бугунги кунда тренерларимиз томонидан юзага келаётган қатор саволларга ҳам жавоб берилиб, барча масалалар ижобий ҳал қилинмоқда.

Маълумки, белгиланган ҳужжатларда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун номзодлар махсус рухсатномалар олиши талаб этилади. Муддатли бериладиган мазкур ҳужжатга эга ва яқин орада фойдаланиш вақти якунига етадиган ушбу рухсатномалар 2020 йилнинг 31 декабрь кунигача амал қилиниши айтиб ўтилди.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссия йиғилишининг баёнида (№19) маълум қилинди. 18 апрель куни имзоланган ушбу баённинг 24-бандида шундай дейилган:

“Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Набиев)нинг тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома муддати тугаган тренерларнинг рухсатнома муддатини жорий йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”.