Томас Бахнинг Япония сафари коронавирус сабаб бекор бўлди

Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах келаси ой Японияга бориши режалаштирилган эди. Бироқ COVID-19 пандемиясининг кенг тарқалиши сабаб ушбу сафар бекор қилинди.

Бах сафари давомида келаси йилги қолдирилган Токио Олимпиадаси билан боғлиқ бир қатор расмий учрашув ва тадбирларда иштирок этиши лозим эди. Жумладан, 1945 йил атом бомбасидан зарар кўрган Хиросима шаҳридан олиб ўтиши режалаштирилган Олимпия машъаласи бунга мисол.

Таъкидлаш жоиз, Япония ҳукумати сўнгги 14 кун ичида Европанинг ҳар қандай мамлакатида бўлган инсонга мамлакатга киришни тақиқловчи қарор чиқарган. Япония Бош вазири Синдзо Абэ ўтган ҳафтадан бошлаб мамлакатнинг Токио ва яна 6 префектурада фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Кунчиқар юрт пойтахтида 1700 нафар инсон коронавирусга чалинган бўлиб, бу кўрсаткич Япониянинг барча ҳудудлари орасида энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди.