МОҚ бошқа мамлакатлар Олимпия қўмиталарини қўллаб-қувватлайди

Маълумки, ҳозир бутун дунё коронавирусга қарши курашмоқда. Сир эмаски, бу эпидемия ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларига таъсир кўрсатди, ҳусусан спорт соҳаси ва у билан боғлиқ барча тадбирлар ҳам бекор қилинди ёки бошқа вақтга кўчирилди. Шу йил ёзда Токио-2020 Олимпия ўйинлари ўтказилиши лозим эди. Бироқ олимлар “пандемия” деб баҳолаётган коронавирус Олимпия ўйинларига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Шу муносабат билан Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Япония ҳукумати ва Токио-2020 Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси Токиода ўтажак XXXII ёзги Олимпия ўйинларини 2021 йилга кўчирилгани ҳақида расман эълон қилишди.

Айни пайтда бутун дунёда анча оғир вазият ҳукмрон, барчамиз қийин кунларни бошдан кечирмоқдамиз. Бундай кунларда ҳар биримиз учун қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш ва ўзаро тушуниш жуда муҳим саналади. Шу кунларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ўзаро қўллаб-қувватлаш мақсадида, яқин ҳамкорликдаги Миллий олимпия қўмиталарига хат юборди. Таъкидлаш жоизки, қўмитанинг ички фаолияти ва бошқа давлатлар Олимпия қўмиталари билан яқин ҳамкорлиги тўхтаб қолгани йўқ. Ўзбекистон МОҚ ходимлари ўз вазифаларини бажарган ҳолда, фаолиятларини онлайн тизимда давом эттириб масофадан ишламоқдалар.