ВАЗИРЛИКЛАР, ИДОРАЛАР, КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР ХОДИМЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚАРИСИГА ХИЗМАТ САФАРИГА ЮБОРИЛГАНДА ХИЗМАТ САФАРИ ХАРАЖАТЛАРИ УЧУН МАБЛАҒЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

ВАЗИРЛИКЛАР, ИДОРАЛАР, КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР ХОДИМЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚАРИСИГА ХИЗМАТ САФАРИГА ЮБОРИЛГАНДА ХИЗМАТ САФАРИ ХАРАЖАТЛАРИ УЧУН МАБЛАҒЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 19 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2730]

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 9 сентябрдаги 417-сон «Вазирликлар, идоралар ва бошқа республика органлари ходимларининг чет эл хизмат сафарларига боришини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2001 йил 27 июлдаги 321-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:

  1. Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом иловагамувофиқ тасдиқлансин.
  2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир Р. АЗИМОВ

Тошкент ш.,

2015 йил 19 октябрь,

92-сон

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 19 октябрдаги 92-сон буйруғига
ИЛОВА

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 9 сентябрдаги 417-сон «Вазирликлар, идоралар ва бошқа республика органлари ходимларининг чет эл хизмат сафарларига боришини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2001 йил 27 июлдаги 321-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорларига мувофиқ вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Хизмат сафари харажатларига қуйидагилар киради:

суткалик харажатлар;

яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатлар;

транспорт харажатлари;

вакиллик харажатлари;

кўзда тутилмаган харажатлар;

мазкур Низомга мувофиқ қопланиши лозим бўлган хизмат сафарининг бошқа харажатлари.

  1. Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарларига юборилганда суткалик харажатлар ва яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатлар хорижий валютада мазкур Низомнинг 1-иловасигамувофиқ меъёрлар асосида тўланади.
  2. Хизмат сафарига юбориладиган айрим тоифадаги шахсларга хорижий валютадаги суткалик харажатлар меъёрларига мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ белгиланадиган устамалар тўланади.

2-боб. Суткалик харажатларни тўлаш

  1. Суткалик харажатлар хизмат сафаридаги ҳар бир кун, жумладан жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни учун, белгиланган меъёрларнинг 100 фоизи миқдорида хорижий валютада тўланади.

Жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтиш куни ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтиш куни хизмат сафарига юборилган шахснинг паспортида Ўзбекистон Республикаси чегара-назорат пунктлари қўйган белгиси бўйича аниқланади.

Ҳаво транспортида учиб кетилганда, агар хорижий давлатга етиб бориш санаси халқаро авиарейснинг Ўзбекистон Республикаси аэропортидан учиб кетган санасидан кейингисига тўғри келган ҳолларда (авиачиптага асосан), жўнаб кетиш куни учун суткалик харажатлар берилмайди.

Ҳаво транспортида учиб келганда, агар Ўзбекистон Республикасига етиб келиш санаси халқаро авиарейснинг хорижий давлатининг аэропортидан учиб кетган санасидан кейингисига тўғри келган ҳолларда (авиачиптага асосан) қайтиб келиш куни учун суткалик харажатлар берилмайди.

  1. Ходим икки ва ундан ортиқ хорижий давлатга хизмат сафарига юборилганда (жумладан транзит ҳолатида ҳам) бир хорижий давлатдан бошқа хорижий давлатга ўтиш куни учун суткалик харажатлар, ходим қайси хорижий давлатга ўтаётган бўлса, шу хорижий давлатнинг суткалик харажатлар меъёрларининг 100 фоизи миқдорида тўланади.
  2. Мазкур Низомга 1-илованинг«Жойлашган мамлакат доирасида хизмат сафарига жўнатиладиган хорижий муассасалар ходимлари, шунингдек хорижга ишга юбориладиган ходимлар учун; хорижда 60 суткадан ортиқ (61-кундан бошлаб) хизмат сафарида бўладиган ходимлар учун суткалик харажатлар меъёрлари» графасида белгиланган меъёрлар бўйича суткалик харажатлар тўлови:

хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг хориждаги ваколатхоналарининг ходимлари борган мамлакатлари ҳудудида хизмат сафарида бўлганларида;

хорижда узлуксиз 60 суткадан ортиқ (61-кундан бошлаб) хизмат сафарида бўлганларга нисбатан амалга оширилади.

Агарда юқорида кўрсатилган ходимлар хизмат сафари муддати давомида бир мамлакатдан бошқа бир мамлакатга ўтса, уларга суткалик харажатлар белгиланган қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда мазкур Низомга 1-илованинг «Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги мамлакатларга борувчилар учун суткалик харажатлар меъёрлари» графасида белгиланган меъёрлар бўйича хорижий валютада тўланади.

  1. Хорижга хизмат сафарига борадиган ходимлар борадиган давлатларида қабул қилувчи томон ҳисобидан бепул овқат (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминланган ҳолларда суткалик харажатлар хизмат сафарига юборилган шахснинг шахсий эҳтиёжларини қоплашга бошқа харажатлар учун суткалик харажатлар меъёрининг 30 фоизи миқдорида тўланади.

Қабул қилувчи томон бепул овқатланишдан ташқари ходимнинг шахсий эҳтиёжлари учун маблағлар билан таъминлаган тақдирда жўнатувчи томон суткалик харажатларни (бошқа харажатларни) тўламайди.

  1. Ўқувчилар, талабалар ва муддатли ҳарбий хизмат аскарлари ўқишга юборилганда таклиф қилувчи томон уларни овқатланиш (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминлаганда жўнатувчи томон суткалик харажатлар меъёрининг 15 фоизи миқдорида суткалик харажатлар (бошқа харажатлар) тўлайди.
  2. Қабул қилувчи томон овқатланиш ва бошқа харажатларни қоплаш учун берган маблағлар суммаси мазкур Низом билан белгиланган суткалик харажатлар меъёридан кам бўлса, хизмат сафаридан қайтиб келиб бўнак ҳисоботи топширилганида ташкилотнинг раҳбари қарори билан хизмат сафарига бориб келган ходимга тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда мазкур Низом 30-бандининг иккинчи хатбошисигамувофиқ ортиқча пул маблағлари мавжуд бўлган тақдирда, қабул қилувчи томон тўлаб берган маблағлар ва Ўзбекистон Республикасида амалдаги суткалик харажатлар меъёрлари ўртасидаги тафовут суммаси қопланади.

3-боб. Яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатларни қоплашга маблағлар тўлаш

  1. Яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатлар мазкур Низомга 1-илованинг «Ходимларни турар жой ижараси бўйича харажатлари тўловининг энг юқори меъёри (суткада кўрсатилган суммагача)» графасида белгиланган энг юқори меъёрлар ва мазкур Низомнинг 30-бандига асосан уларга ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланган қўшимча тўловлар билан, агарда улар раҳбар томонидан белгиланган бўлса, ушбу харажатлар кейинчалик тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарти билан белгиланган меъёрларнинг 100 фоизи миқдорида хорижий валютада тўланади.
  2. Яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатларнинг якуний ҳисоб-китоби хизмат сафарига юборилган шахс томонидан ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар бўйича, бироқ қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлмаган миқдорда, агар улар мазкур Низомнинг 30-бандига мувофиқ ташкилот раҳбари томонидан белгиланган бўлса, амалга оширилади.

Бунда яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатлар хизмат сафарининг айрим кунлари учун ортиқча харажатларни ҳисобга олмасдан, ҳар бир сутка учун тўланади.

  1. Хизмат сафари харажатлари учун бўнак ҳисобланганида яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) қўшимча маблағлар ташкилот раҳбари қарори бўйича таклиф этувчи ташкилот, чет элдаги дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасалари томонидан тақдим этилган хизмат сафарига юборилган мамлакатдаги яшаш учун мақбул меҳмонхона нархлари бўйича маълумот ёхуд тасдиқланган меъёрлар доирасида меҳмонхоналар мавжуд эмаслигини тасдиқловчи маълумот асосида кўзда тутилади.
  2. Мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ суткалик харажатларга устамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларга яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) маблағлар мазкур мақсадлар учун белгиланган меъёрлардан қатъи назар, ҳақиқий харажатлар миқдорида тўланади.

Суткалик харажатлар меъёрига устама олиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Ҳукумат делегацияси таркибида кетаётган ходимларга алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, белгиланган меъёрлардан қатъи назар, яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) маблағлар бир кишилик меҳмонхона хонасининг қиймати бўйича ҳақиқий харажатлар миқдорида тўланади.

  1. Суткалик харажатларга устамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларга яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) белгиланган меъёридан ортиқ бўлган қўшимча маблағлар хизмат сафари харажатларига ажратиладиган бўнак суммасига киритилиши мумкин.

Тасдиқланган меъёрдан ортиқ бўлган яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) қўшимча маблағлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан хизмат сафарига юбориш бўйича харажатлар сметасининг лойиҳаси тайёрланаётганда хизмат сафари учун жавобгар бўлган ташкилот томонидан таклиф этувчи ташкилот, чет элдаги дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасалари томонидан тақдим этилган хизмат сафарига бориладиган мамлакатдаги меҳмонхоналар нархлари бўйича ҳужжатлардаги маълумот асосида кўзда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги харажатлар сметаси лойиҳасини келишаётганда тақдим этилган асослантирувчи ҳужжатларга мувофиқ яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) белгиланган меъёрлардан ортиқ миқдордаги маблағларни кўзда тутади. Бунда, ушбу маблағларни ажратиш зарурияти бўйича якуний қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида хизмат сафарида бўлганда яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) қўшимча харажатлар делегация раҳбари қарори бўйича асосланган сабабларга кўра (хизмат сафари муддати узайтирилиши, авиарейс ушланиб қолиниши ва бошқалар) кўзда тутилмаган харажатларга ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

  1. Асосланган сабаблар мавжуд бўлганда (меҳмонхоналар мавжуд эмаслиги, меҳмонхонада яшаш нархининг белгиланган меъёрлардан ошиб кетиши, меҳмонхона бўлмаган яшаш жойини ижарага олиш нархининг пастлиги ва бошқалар) хизмат сафарига юборилаётган ходимларга яшаш жойи жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган яшаш жойини ижарага олиш шартномаси асосида жисмоний шахсда (меҳмонхонада эмас) яшашига ташкилотлар раҳбарлари томонидан рухсат берилиши мумкин (яшаш жойини ижарага берувчи тўловни қабул қилганлигини тасдиқлаган ҳолда). Бунда яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатлар мазкур Низомга 1-илованинг «Ходимларни турар жой ижараси бўйича харажатлари тўловининг энг юқори меъёри (суткада кўрсатилган суммагача)» графасида белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги керак.
  2. Овқатланиш ва бошқа шахсий хизматлар (мини-бар, кабель телевиденияси, кийимларни ювдириш ва дазмоллатиш ва бошқалар) учун харажатлар суммаси, шу жумладан яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) тўлов счётларига киритилган харажатлар хизмат сафарига юборилган шахс томонидан суткалик харажатлар ҳисобидан тўланади ва алоҳида қопланмайди.

Мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ суткалик харажатларга устамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларга чойшаб ва кийимларни ювдириш ва дазмоллатиш бўйича харажатлар қопланади.

  1. Қабул қилувчи томон бепул турар жойни тақдим этганда ёки унинг ижараси учун харажатни қоплашга тегишли пул компенсациясини тўлаган ҳолларда, хизмат сафарига юборилган шахсга яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) маблағлар тўланиши амалга оширилмайди.

Агар семинар, спорт мусобақалари, конференция ва бошқа тадбирлар ташкилотчилари томонидан ушбу тадбирлар давомида амалга ошириладиган харажатларнинг (яшаш, овқатланиш, йўл ва бошқа харажатлар) ўз меъёрлари белгиланган ҳолларда, ушбу мақсадлар учун маблағлар мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ ўрнатилган меъёрлардан ошмаган ҳолда ташкилотчилар белгилаган меъёрлар бўйича ажратилади.

4-боб. Транспорт харажатлари

  1. Транспорт (таксидан ташқари) харажатларини қоплаш учун маблағлар ҳақиқий харажатлар бўйича уларни тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарти билан тўланади.
  2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг хизмат сафарига юбориладиган ходимлари ҳаво транспортида борганларида устувор «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК рейсларидан фойдаланишлари лозим.
  3. Транспорт харажатларини қоплаш учун маблағлар Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг хизмат сафарига юбориладиган ходимларига қуйидагича тўланади:

хизмат сафарига юбориладиган шахслар — ташкилот раҳбарларига:

ҳаво транспортида — 1-бизнес ёки иқтисодий класс тарифлари бўйича;

темир йўл ва сув транспортида — 1-класс тарифи бўйича;

хизмат сафарига юбориладиган шахслар — ташкилотлар раҳбарларининг ўринбосарларига, Бош консуллар — алоҳида хориждаги консуллик муассасаси раҳбарларига:

ҳаво транспортида — бизнес ёки иқтисодий класслар тарифи бўйича;

темир йўл ва сув транспортида — 1-класс тарифи бўйича;

бошқа барча хизмат сафарига юбориладиган шахсларга:

ҳаво транспортида — иқтисодий класс тарифи бўйича;

темир йўл транспортида — 2-класс тарифи бўйича;

сув транспортида — сайёҳлик класси тарифи бўйича.

Поездларда 2-класс вагонлари, кемаларда эса сайёҳлик класси каюталари бўлмаган тақдирда харажатлар 1-класс тарифи бўйича қопланади.

Осиё ва Африка мамлакатларига темир йўл транспортида бориш қиймати барча ходимларга 1-класс тарифи бўйича қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Элчиси ёки Бош консул — алоҳида хориждаги консуллик муассасаси раҳбари билан бирга оила аъзолари (эр (хотин)и, шунингдек 18 ёшга тўлмаган икки нафаргача фарзанди) кетаётганида уларга ҳам транспорт харажатларини қоплаш учун маблағлар мазкур банднинг иккинчи — еттинчи хатбошиларига мувофиқ тўланади.

  1. Хорижий давлат ҳудудида аэропорт, вокзал ёки пристаньдан, агар улар аҳоли пунктидан ташқарида ёки бошқа аҳоли пунктида жойлашган бўлса, яшаш жойигача бориш ва орқага қайтиш бўйича тасдиқланган қўшимча йўл харажатлари ҳам қопланади.
  2. Айрим ҳолларда Ҳукумат делегацияси, ҳамда катта ҳажмдаги спорт анжомларига эга бўлган спортчилар делегациясига хорижий давлат ҳудудида юриш учун автомобилни ижарага олишга йўл қўйилади.
  3. Шаҳар ичидаги транспортдан фойдаланганлик учун харажатлар ходимга суткалик харажатлар таркибида қопланади.
  4. Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафаридаги транспорт харажатлари қопланиши амалга оширилмайди.

5-боб. Вакиллик, кўзда тутилмаган ва харажатларнинг бошқа турларига маблағ ажратиш

  1. Вакиллик харажатларига вакилларнинг (қатнашчиларнинг) расмий қабули (нонушта, тушлик ёки шунга ўхшаш тадбирлар)ни ўтказиш, уларнинг транспорт таъминоти, музокаралар вақтида буфет хизматларини кўрсатиш, ташкилот штатида бўлмаган таржимон хизматига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар киради.

Белгиланган тартибда расмийлаштирилган тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари бўлганда вакиллик харажатлари давр харажатларига киритилади, уларда расмий қабулни ўтказиш учун асос, санаси ва жойи, таклиф қилинган шахслар ва қатнашчилар сони, уларни транспорт таъминоти, музокаралар вақтида буфет хизматларини кўрсатиш, таржимон хизматига ҳақ тўлаш, вакиллик харажатларининг хорижий валютадаги суммаси кўрсатилган бўлиши лозим.

  1. Кўзда тутилмаган харажатларга рейснинг кечикиши ёки ўзгариши, делегация раҳбари қарорига кўра маршрутнинг, сафар дастурининг ўзгартирилиши ва бошқа форс-мажор ҳолатлар билан боғлиқ харажатлар киради.
  2. Ҳукумат номидан музокаралар олиб бориш, битимларни имзолаш мақсадида халқаро ташкилотларнинг мажлисларида, съездларида, ассамблеяларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетаётган Ҳукумат делегациялари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра вакиллик ва кўзда тутилмаган харажатларга ҳам маблағлар ажратилади.

Кўрсатилган харажатлар 1000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда кўзда тутилади ва Ҳукумат делегацияси аъзоларидан бирига ҳисобот топшириш шарти билан берилади.

Кўзда тутилмаган ва вакиллик харажатлари миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра ўзгартирилиши мумкин.

  1. Ташкилотлар вакиллик харажатларига бериладиган маблағларни қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадилар. Хорижий валютада олинган вакиллик харажатлари суммаларини миллий валютага қайта ҳисоблаш маблағлар берилган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича амалга оширилади.
  2. Йўл, яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича), суткалик, вакиллик ва кўзда тутилмаган харажатлардан ташқари ҳужжатлар билан тасдиқланган қуйидаги харажатлар ҳам қопланади:

виза олиш бўйича;

вақтинчалик прописка (рўйхат олинганлик) учун;

борган мамлакатида хорижий валютани сотиб олиш ёки сотиш чоғида йиғимлар (фоизлар, комиссиялар)ни тўлаш бўйича;

30 килограммгача бўлган юк олиб кетиш учун тўлов (ходим бораётган транспорт турида бепул юк олиб кетиш меъёридан ортиқчасига);

аэропорт, суғурта (фақат бораётган мамлакатига кириш учун мажбурий бўлган суғурта турлари), божхона ва воситачилик йиғимлари (кўргазмалар, тақдимотлар, конференциялар ва гастроллар ўтказилганда);

конференция, спорт мусобақалари қатнашчиларини рўйхатга олиш йиғимлари, спорт анжомларини ижарага олиш;

пуллик тўхташ жойлари хизматларини тўлаш, автобензин харид қилиш, юкни транспортда жўнатиш (фақат хизмат сафарига юборилган ҳайдовчилар учун) тўловлари бўйича;

МДҲ мамлакатларига борадиганлар мазкур Низомнинг 2-иловасида белгиланган 20 фоиз ва ундан ортиқ устамаси мавжуд шахслар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича «VIP» заллари орқали хизмат кўрсатиш;

хизмат сафарига жўнатилган шахсларга фавқулодда, қолдириб бўлмайдиган ҳолатларда кўрсатилган тиббий хизматларни тўлаш бўйича;

ҳужжатлар билан асосланган хизмат сафари бекор қилиниши, йўл маршрути ёки хорижий давлатда бўлиш муддатлари ўзгариши сабабли йўл чипталарини қайтариб бериш, алмаштириш ёки улардан фойдаланмаслик билан боғлиқ жарималар ёки қўшимча харажатларни тўлаш бўйича.

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда тегишли хизмат сафари харажатлари қопланмайди.

  1. Ташкилотларнинг раҳбарлари мазкур Низомнинг 1-иловасида белгиланган хизмат сафари харажатлари меъёрларига қўшимча тўловлар миқдорини мустақил равишда тасдиқлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Бунда кўрсатилган қўшимча тўловларни тўлаш ташкилотда хорижий валютадаги кредитларни (Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланган ҳамда кафолатланмаган) сўндириш мажбуриятларидан, импорт контрактлари бўйича (товарлар, ишлар ва хизматлар бўйича) чет эллик ҳамкорга тўловлардан ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети олдидаги мажбуриятлардан озод бўлган ўзининг валюта маблағлари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Агарда қўшимча тўлов тўлашни белгилаган ташкилот юқорида келтирилган тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар учун хорижий валютани ички валюта бозоридан сотиб олган бўлса, кўрсатилган қўшимча тўловларни тўлаш амалга оширилмайди.

  1. Суткалик харажатлар ва яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатлар меъёрларидан ортиқ қўшимча тўловлар қоплаш қуйидагича амалга оширилади:

бюджет ташкилотларида — уларни сақлаш учун харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар ҳисобидан;

бошқа ташкилотларда — суткалик харажатлар ва яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича) харажатлар меъёрларидан ортиқ қўшимча тўловлар ташкилотларнинг харажатларида ҳисобга олинади.

  1. Юқорида келтирилган харажатлардан ташқари, хизмат сафарига юборилган шахсга ишлаб чиқариш мақсадларида сарфланган қўшимча харажатлар қопланиши мумкин. Ушбу харажатлар фақат хизмат сафари топшириқларини бажариш учун зарур бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида қопланиши мумкин.

Ходимнинг музокараларни бориши ва бошқалар тўғрисида ташкилот раҳбариятига ахборот бериш мажбурияти хизмат сафари режа-топшириғида кўзда тутилган бўлиши лозим.

Хизмат сафарининг хусусияти бирор-бир қўшимча ишлаб чиқариш харажатлар (телефон сўзлашувлари, юкни олиб кетиш, ҳужжатлардан нусха кўчириш ва бошқалар) заруриятини назарда тутганида, ташкилот раҳбари томонидан ходимни хизмат сафарига юборилишидан олдин ушбу харажатларни қоплаш тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) чиқарилади.

6-боб. Хизмат сафарларини расмийлаштириш, бўнак бериш

  1. Ходимни хизмат сафарига юбориш учун ташкилот раҳбари томонидан буйруқ чиқарилади ва хизмат сафари режа-топшириғи тасдиқланади.
  2. Хизмат сафарига юбориладиган шахсга хорижий валютада бўнак берилиши лозим.
  3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан кетаётган делегация ёки алоҳида шахс хизмат сафарини ташкил этиш бўйича жавобгар ташкилот хизмат сафари муддатлари ва делегация таркиби кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғи асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини, харажатлар сметаси билан бирга тайёрлайди ва асослантирувчи ҳужжатларни (хизмат сафарини молиялаштириш қисмида таклиф қилаётган томоннинг ҳужжатлар нусхаси, авиа чипталар нархи бўйича асослар, авиарейслар санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда йўл маршрути, хизмат сафарига юбориладиган мамлакатдаги меҳмонхоналарда яшаш қиймати ва бошқалар) илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан хизмат сафарига кетаётган делегация ёки алоҳида шахснинг харажатлар сметаси лойиҳасини кўриб чиқади ва зарурият туғилганда унга ўзгартириш киритади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбарияти билан келишилган харажатлар сметаси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритган ташкилотга қайтариб берилади.

  1. Талаб қилиб олунгунча депозит ҳисобварағидан нақд хорижий валютани олиш учун ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатувчи ваколатли банкларга қуйидаги ҳужжатлар (ёки улардан кўчирма) тақдим этилади:

хизмат сафари харажатларини қоплаш учун маблағларни бериш ҳақида ариза;

хизмат сафарига юбориладиган ходимларнинг фамилиялари, исми-шарифининг бош ҳарфлари, хизмат сафарига юбориладиган жой ва хизмат сафарининг муддати кўрсатилган ҳолда хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқ нусхаси;

ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтери (бухгалтери) томонидан тасдиқланган хорижий валютада олиниши лозим бўлган сумманинг ҳисоб-китоби;

ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланган хизмат сафари режа-топшириғи;

таклиф қилаётган томоннинг мазкур сафарни молиялаштириш шартлари (улар мавжуд бўлганда) кўрсатилган хатлари, факслари ва телексларининг нусхалари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори нусхаси (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича жўнаб кетаётган шахслар учун).

Бунда ваколатли банк тақдим қилинган ҳисоб-китобни мазкур Низомнинг талабларига мувофиқлиги юзасидан текширувни амалга оширади.

Ташкилотнинг штатида бўлмаган ходимлар учун ташкилотнинг валюта ҳисобварағидан маблағлар берилишига йўл қўйилмайди (мазкур Низомнинг 39-бандида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно).

  1. Ташкилотлар ҳисоб рақамларида мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган хорижий валюта бўлмаган тақдирда хизмат сафари харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг хизмат сафари маблағлари бериладиган кундаги курси бўйича АҚШ долларидаги эквиваленти берилишига рухсат этилади.

Ташкилотларда хорижий валютадаги маблағлар бўлмаган тақдирда ташкилотлар хорижий валютани ваколатли банклардан ёки биржадан ташқари валюта бозорида сотиб олишлари мумкин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бўйича кетаётган ташкилотларнинг ходимларига хизмат сафари харажатлари учун хорижий валютани сотиб олиш банклараро савдо сессиясида амалга оширилади.
  2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги биржадан ташқари валюта бозорида ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижий валютани сотиб олади ва хизмат сафарига алоҳида жўнатиладиган шахсга, делегация раҳбарига (унинг расмий вакилига) ёки делегация аъзосига — делегациянинг барча аъзоларига хизмат сафари учун маблағларни хорижий валютада ажратади Бунда, олдин амалга оширилган хизмат сафари бўйича мазкур Низомнинг 44-бандига асосан бўнак ҳисоботни тақдим этмаган ходимларга бўнакни бериш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорида кўзда тутилган миллий валютадаги маблағлар тегишли ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бўйича Ҳукумат делегациялари таркибида ташкилот ўзининг миллий валютадаги маблағлари ҳисобидан жўнатилаётган шахсларга хизмат сафари харажатлари учун хорижий валютани сотиб олишга талабнома улар ишлайдиган ташкилотлар томонидан тақдим этилади.

Хизмат сафари харажатлари учун хорижий валютани сотиб олиш учун талабномаларга мазкур Низомнинг 36-бандида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади.

  1. Хизмат сафари харажатларига солиқ солиш солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
  2. Қабул қилувчи томон Ўзбекистон Республикасидан хизмат сафарига юбориладиган ходимга транспорт харажатлари ва бошқа харажатларни (суткалик, яшаш, виза ҳақини тўлаш ва бошқалар) хизмат сафарига юбориладиган мамлакатга етиб келиши билан қоплайдиган ҳолларда, жўнатувчи ташкилот хизмат сафарига кетаётган ходимни чипталарни сотиб олиш, виза ҳақини тўлаш ва бошқалар учун маблағлар билан кейинчалик у Ўзбекистон Республикасига қайтиб келганида олинган маблағларни жўнатувчи ташкилотга қайтариб бериш шарти билан таъминлайди.

Бунда, маблағлар қайси валютада берилган бўлса, қайтариб берилиши ҳам шу валютада амалга оширилади.

7-боб. Ҳисобот

  1. Хизмат сафари харажатларига берилган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги бўнак ҳисоботи ташкилот бухгалтериясига хизмат сафаридан қайтиб келингандан кейин уч иш кунидан кечиктирмай бўнак олинган валютада тақдим этилади.

Хизмат сафари натижалари бўйича якуний ҳисоб-китоб ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқий харажатлар бўйича, белгиланган меъёрлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, бўнак ҳисоботини қабул қилиш кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси курсининг хорижий валютага нисбатан ўзгаришидан юзага келадиган курсдаги фарқлар ҳисобда амалдаги бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ акс эттирилади.

  1. Ҳукумат делегацияларнинг хизмат сафарига маблағлар ажратилганида хизмат сафаридан қайтиб келганидан кейин ўн кун ичида делегация раҳбари (ёки ҳисобот берувчи шахс) амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни (ҳисоб, квитанция, йўл чипталари ва бошқалар) илова қилинган ҳолда батафсил бўнак ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига топширади.

Бўнак ҳисоботи ўз вақтида топширилмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хорижий валютада бўнакни олган ходим ишлайдиган ташкилотга бўнак ҳисоботни қисқа муддатда топшириш ва ишлатилмаган хорижий валютадаги қолдиқни қайтариш бўйича тегишли чораларни амалга ошириш зарурияти тўғрисида билдиришнома жўнатади.

Ушбу билдиришномани олган ташкилот зарурият туғилганда қонун ҳужжатлари ва ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ интизомий жазо чораларни кўради.

Бўнак ҳисоботи, шунингдек хорижий валютадаги ишлатилмаган қолдиқни ўз муддатида топширилишини таъминламаган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, бўнак ҳисоботини тақдим этиш ва хорижий валютадаги ишлатилмаган қолдиқни ташкилотнинг маблағлари (бюджетдан ташқари маблағлари) ҳисобидан қопланиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбари зиммасига юкланади.

  1. Бўнак ҳисоботида кўрсатиладиган барча харажатлар тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатлар билан, шунингдек делегация раҳбари томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Агарда хизмат сафари харажатлари учун бўнак АҚШ долларида берилган бўлиб, харажатлар эса хизмат сафарига борилган давлатнинг валютасида амалга оширилган бўлса, хизмат сафарига борилган давлатнинг валютасидаги ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар бўйича бўнак ҳисоботи АҚШ доллари хизмат сафарига борилган давлатнинг валютасига алмаштирилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган курс бўйича қабул қилинади.

  1. Вакиллик харажатлари бўйича алоҳида ҳисобот тузилади. Вакиллик харажатлари бўйича ҳисоботга амалга оширилган харажатлар асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Ҳисобот ҳисобот берувчи шахс томонидан имзоланади ва делегация раҳбари томонидан тасдиқланади. Делегация раҳбари бўлмаганда ёки хизмат сафарига алоҳида шахс жўнатилганда ҳисобот ҳисобот берувчи шахс томонидан имзоланади.

  1. Вакиллик ва кўзда тутилмаган харажатларга ажратилган маблағларнинг ишлатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган ҳолатларда, амалга оширилган харажатларнинг рўйхати кўрсатилган, делегация раҳбари томонидан тасдиқланадиган ва делегация аъзолари томонидан имзоланадиган далолатнома тузилади. Делегация раҳбари бўлмаганда ёки хизмат сафарига алоҳида шахс жўнатилганда ҳисобот делегациянинг барча аъзолари ёки алоҳида шахс томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилган хизмат сафари бўйича бўнак ҳисоботи тақдим этилган пайтда, хизмат сафари учун бўнак берилганида харажатлар сметасида кўзда тутилмаган, тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлиши шарти билан, кўзда тутилмаган харажатлар учун ажратилган маблағлар ҳисобидан бошқа харажатлар (мазкур Низомнинг 16-бандининг иккинчи хатбошиси, 29 ва 32-бандларида назарда тутилган харажатлар) ҳам ҳисобот учун қабул қилиниши мумкин.

  1. Транспорт харажатлари, яшаш учун (турар жойни ижараси бўйича), вакиллик ва кўзда тутилмаган харажатларга берилган хорижий валюта тўлиқ ёки қисман ишлатилмаган ҳолда сумма (қолдиқ) бўнак ҳисоботи топширилган кундан икки банк куни ичида ташкилотнинг кассасига кейинчалик ваколатли банкка топшириш учун қайтарилиши керак.

Агарда хорижий валюта Ўзбекистон Республикасининг ички валюта бозорида сотиб олинган ҳолларда, ташкилот бир вақтнинг ўзида ваколатли банкка белгиланган тартибда ишлатилмаган валюта маблағларини сотишга талабнома тақдим қилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан олинган хорижий валютадаги ишлатилмаган қолдиқ делегация раҳбари (унинг расмий вакили) ёки делегация аъзоси томонидан қайтарилади.
  2. Хизмат сафарига борган шахс хизмат сафари харажатлари учун нақд хорижий валютада берилган бўнак бўйича ҳужжатлар билан тасдиқланган ортиқча харажатга йўл қўйганда, хизмат сафарига юборилган шахс олдидаги қарз суммаси нақд хорижий валютадаги тегишли суммани бериш йўли билан қопланади. Ташкилот хорижий валютадаги маблағларга эга бўлмаса, хизмат сафарига юборилган шахснинг розилиги билан унинг олдидаги хорижий валютадаги қарздорлик бўнак ҳисобот топширилган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича миллий валютадаги эквивалентда қопланиши мумкин.

Хизмат сафарига жўнатилган шахс олдидаги қарздорлик суммаси мазкур Низом билан ўрнатилган меъёрларни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади.

  1. Ҳукумат делегация таркибида хизмат сафарига жўнатилган шахсда ортиқча харажатлар мавжуд бўлса, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар асосида бўнак ҳисоботини қабул қилиниши ва тегишли нақд хорижий валютадаги ва миллий валютадаги сумма берилиши тўғрисидаги қарор делегация раҳбари ёки бўнак ҳисоботни топширувчи ходим ишлайдиган ташкилот тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори бўлмаган ҳолатда бўнак ҳисоботи мавжуд бўлган тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қабул қилинади, ортиқча харажатлар суммаси ташкилотнинг маблағлари (бюджетдан ташқари маблағлари) ҳисобидан қопланади.

  1. Ходимларга ортиқча харажатларни қоплаш учун ташкилотлар ҳисобварақларидан маблағларни олиш учун ташкилотлар хизмат кўрсатувчи банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

маблағларни бериш ҳақида ариза;

ташкилот раҳбари ва (ёки) бош бухгалтер (бухгалтер) томонидан тасдиқланган хизмат сафарига жўнатилган шахснинг бўнак ҳисоботи;

хизмат сафарига жўнатилган шахснинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарисидаги харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;

қопланиши лозим бўлган сумма ҳисоб-китоби.

Мазкур бандга мувофиқ ҳужжатлар тақдим этилмаганда, шунингдек сўралган сумма мазкур Низомнинг талабларига мувофиқ ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасига тўғри келмаган ҳолатда хизмат кўрсатувчи ваколатли банк томонидан ташкилотларнинг ҳисобварақларидан маблағлар берилиши амалга оширилмайди.

8-боб. Якуний қоидалар

  1. Сарф қилинган харажатларнинг тўғрилиги ва мақсадга мувофиқлиги учун жавобгарлик делегация раҳбарига ва ҳисобот берувчи шахсга юклатилади.
  2. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ташқи ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ

2015 йил 19 октябрь,

Ташқи ишлар вазири А. КАМИЛОВ

2015 йил 19 октябрь,

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. АБДУҲАКИМОВ

2015 йил 19 октябрь,

Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ

2015 йил 19 октябрь,

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т. НАРБАЕВА

2015 йил 19 октябрь,

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимларининг хизмат сафарларида хорижий валютадаги хизмат сафари харажатлари

МЕЪЁРЛАРИ

Т/р Мамлакат ёки ҳудуд Хорижий валюта номи Хорижий валютадаги суткалик харажатлар меъёрлари Ходимларни турар жой ижараси бўйича харажатлари тўловининг энг юқори меъёри (суткада кўрсатилган суммагача)
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги мамлакатларга борувчилар учун жойлашган мамлакат доирасида хизмат сафарига жўнатиладиган хорижий муассасалар ходимлари, шунингдек хорижга ишга юбориладиган ходимлар учун; хорижда 60 суткадан ортиқ (61-кундан бошлаб) хизмат сафарида бўлиш ҳолатларида
1. АВСТРАЛИЯ АҚШ доллари 45,00 20,00 100,00
2. АВСТРИЯ евро 40,00 18,00 130,00
3. ОЗАРБАЙЖОН АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
4. АЛБАНИЯ АҚШ доллари 42,00 20,00 120,00
5. ЖАЗОИР АҚШ доллари 36,00 17,00 48,00
6. АНГОЛА АҚШ доллари 38,00 17,00 100,00
7. АНТИГУА ВА БАРБУДА АҚШ доллари 30,00 14,00 80,00
8. АРГЕНТИНА АҚШ доллари 35,00 16,00 80,00
9. АФҒОНИСТОН АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
10. АРМАНИСТОН АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
11. БАНГЛАДЕШ АҚШ доллари 25,00 11,00 80,00
12. БАҲРАЙН АҚШ доллари 45,00 20,00 130,00
13. БЕЛАРУСЬ АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
14. БЕЛЬГИЯ евро 40,00 18,00 125,00
15. БОЛГАРИЯ евро 35,00 16,00 100,00
16. БОЛИВИЯ АҚШ доллари 30,00 14,00 60,00
17. БОСНИЯ ВА ГЕРЦЕГОВИНА евро 30,00 14,00 100,00
18. БРАЗИЛИЯ АҚШ доллари 40,00 18,00 130,00
19. БРУНЕЙ АҚШ доллари 30,00 14,00 100,00
20. БУТАН АҚШ доллари 20,00 9,00 60,00
21. БУЮК БРИТАНИЯ англия фунт стерлинги 30,00 14,00 100,00
22. ВЕНГРИЯ евро 30,00 14,00 100,00
23. ВЕНЕСУЭЛА АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
24. ВЬЕТНАМ АҚШ доллари 35,00 16,00 100,00
25. ГАНА АҚШ доллари 35,00 16,00 80,00
26. ГЕРМАНИЯ евро 40,00 18,00 130,00
27. ГОНКОНГ АҚШ доллари 35,00 16,00 130,00
28. ГРЕЦИЯ евро 35,00 16,00 100,00
29. ГРУЗИЯ АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
30. ДАНИЯ крона 250,00 112,00 600,00
31. КОНГО (ЗАИР) ДЕМОКРАТИК РЕСПУБЛИКАСИ АҚШ доллари 40,00 18,00 60,00
32. МИСР АҚШ доллари 30,00 14,00 120,00
33. ИСРОИЛ АҚШ доллари 45,00 20,00 130,00
34. ҲИНДИСТОН АҚШ доллари 40,00 18,00 130,00
35. ИНДОНЕЗИЯ АҚШ доллари 40,00 18,00 150,00
36. ИОРДАНИЯ АҚШ доллари 40,00 18,00 60,00
37. ИРОҚ АҚШ доллари 35,00 16,00 80,00
38. ЭРОН АҚШ доллари 35,00 16,00 120,00
39. ИРЛАНДИЯ евро 35,00 16,00 130,00
40. ИСЛАНДИЯ АҚШ доллари 40,00 18,00 130,00
41. ИСПАНИЯ евро 40,00 18,00 130,00
42. ИТАЛИЯ евро 40,00 18,00 130,00
43. ЯМАН РЕСПУБЛИКАСИ АҚШ доллари 40,00 18,00 100,00
44. ҚОЗОҒИСТОН АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
45. КАМБОДЖА АҚШ доллари 30,00 14,00 60,00
46. КАНАДА АҚШ доллари 45,00 20,00 150,00
47. ҚАТОР АҚШ доллари 45,00 20,00 130,00
48. КЕНИЯ АҚШ доллари 30,00 14,00 60,00
49. КИПР евро 35,00 16,00 100,00
50. ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ АҚШ доллари 35,00 16,00 100,00
51. КОЛУМБИЯ АҚШ доллари 35,00 16,00 80,00
52. КОНГО АҚШ доллари 35,00 16,00 90,00
53. КОСТА-РИКА АҚШ доллари 35,00 16,00 70,00
54. КОТ д.ИВУАР АҚШ доллари 35,00 16,00 74,00
55. КУБА АҚШ доллари 30,00 14,00 70,00
56. ҚУВАЙТ АҚШ доллари 40,00 18,00 120,00
57. ҚИРҒИЗИСТОН АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
58. ЛАОС АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
59. ЛАТВИЯ евро 35,00 16,00 100,00
60. ЛИВАН АҚШ доллари 30,00 14,00 75,00
61. ЛИВИЯ АҚШ доллари 25,00 11,00 70,00
62. ЛИТВА евро 35,00 16,00 100,00
63. ЛИХТЕНШТЕЙН шв.франки 50,00 23,00 120,00
64. ЛЮКСЕМБУРГ евро 40,00 18,00 130,00
65. МАКЕДОНИЯ евро 25,00 11,00 60,00
66. МАЛАЙЗИЯ АҚШ доллари 35,00 16,00 150,00
67. МАЛЬДИВ РЕСПУБЛИКАСИ АҚШ доллари 30,00 14,00 60,00
68. МАЛЬТА евро 20,00 9,00 70,00
69. МАРОККО АҚШ доллари 30,00 14,00 70,00
70. МЕКСИКА АҚШ доллари 35,00 16,00 100,00
71. МОЗАМБИК АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
72. МОЛДОВА АҚШ доллари 25,00 14,00 100,00
73. МОНГОЛИЯ АҚШ доллари 35,00 16,00 80,00
74. МЬЯНМА АҚШ доллари 30,00 14,00 60,00
75. НЕПАЛ АҚШ доллари 30,00 14,00 60,00
76. НИДЕРЛАНДИЯ евро 40,00 18,00 130,00
77. ЯНГИ ЗЕЛАНДИЯ АҚШ доллари 40,00 20,00 140,00
78. НОРВЕГИЯ крона 230,00 104,00 1 000,00
79. БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ АҚШ доллари 40,00 18,00 140,00
80. УММОН АҚШ доллари 40,00 18,00 130,00
81. ПОКИСТОН АҚШ доллари 40,00 18,00 120,00
82. ПАПУА ЯНГИ ГВИНЕЯ АҚШ доллари 35,00 16,00 100,00
83. ПЕРУ АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
84. ПОЛЬША евро 35,00 16,00 100,00
85. ПОРТУГАЛИЯ евро 35,00 16,00 100,00
86. РОССИЯ АҚШ доллари 25,00 11,00 120,00
Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари АҚШ доллари 35,00 16,00 130,00
87. РУМИНИЯ евро 35,00 16,00 100,00
88. САУДИЯ АРАБИСТОНИ АҚШ доллари 50,00 23,00 120,00
89. СЕРБИЯ евро 35,00 16,00 100,00
90. СЕНЕГАЛ АҚШ доллари 40,00 18,00 68,00
91. СИНГАПУР АҚШ доллари 45,00 20,00 182,00
92. СУРИЯ АҚШ доллари 30,00 14,00 80,00
93. СЛОВАКИЯ евро 35,00 16,00 100,00
94. СЛОВЕНИЯ евро 35,00 16,00 100,00
95. АҚШ АҚШ доллари 45,00 20,00 150,00
96. ТАИЛАНД АҚШ доллари 40,00 18,00 120,00
97. ТАЙВАНЬ АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
98. ТОЖИКИСТОН АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
99. ТУНИС АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
100. ТУРКМАНИСТОН АҚШ доллари 25,00 11,00 100,00
101. ТУРКИЯ АҚШ доллари 45,00 20,00 120,00
102. УКРАИНА АҚШ доллари 25,00 11,00 120,00
103. УРУГВАЙ АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
104. ФИЛИППИН АҚШ доллари 30,00 14,00 150,00
105. ФИНЛЯНДИЯ евро 40,00 18,00 130,00
106. ФРАНЦИЯ евро 40,00 18,00 130,00
107. ХОРВАТИЯ евро 30,00 14,00 100,00
108. ЧЕХИЯ евро 35,00 16,00 100,00
109. ЧИЛИ АҚШ доллари 35,00 16,00 100,00
110. ЧЕРНОГОРИЯ евро 25,00 11,00 100,00
111. ШВЕЙЦАРИЯ франк 80,00 36,00 200,00
112. ШВЕЦИЯ крона 230,00 104,00 1 000,00
113. ШРИ ЛАНКА АҚШ доллари 45,00 20,00 80,00
114. ЭКВАДОР АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
115. ЭКВАТОРИАЛ ГВИНЕЯ АҚШ доллари 32,00 14,00 50,00
116. ЭСТОНИЯ евро 35,00 16,00 100,00
117. ЖАНУБИЙ КОРЕЯ АҚШ доллари 45,00 20,00 150,00
118. ЖАР АҚШ доллари 35,00 16,00 60,00
119. ЯПОНИЯ АҚШ доллари 100,00 45,00 210,00
120. БОШҚА МАМЛАКАТЛАР АҚШ доллари 25,00 11,00 65,00

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарларида хорижий валютадаги суткалик харажатлар меъёрларига белгиланадиган

УСТАМАЛАР

Хизмат сафарига жўнатиладиган шахслар тоифаси Устама миқдори, %
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири 30
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси 25
Вазир ва лавозим бўйича унга тенглаштирилган шахс, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссиялари раислари, бўлимлар мудирлари, Ўзбекистон Республикаси Элчиси, Ўзбекистон Республикаси Вакили, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Ўзбекистон Республикаси Президент Девонининг Ишлар бошқарувчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президент Девонининг бош консультанти, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими 20
Вазир ўринбосари ва лавозим бўйича унга тенглаштирилган шахс, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси мухбир аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссиялари раиси ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президент Девонининг Ишлар бошқарувчиси ўринбосари 15