Президентимизнинг мурожаати спорт аҳлига куч ва қанот берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Муҳокамаларга ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари яна бир бор халқимизга мурожаат қилди ва, жумладан, шундай деди:

«Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони 221 тага етди. Минг афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, беморлардан 2 нафари вафот этди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур таъзия билдириб, сабр-тоқат ва бардамлик тилайман . . .

Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг».

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга қилган мурожаати спортчиларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Айни пайтда карантинни уй шароитида ўтказаётган олимпия терма жамоалари аъзолари ҳам Президентимизнинг ушбу мурожаат ва мулоҳазаларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

«Мурожаатни катта ҳаяжон билан тингладик. Биз ҳам карантин тартибига қатъий риоя қилган ҳолда шифокор ва мутахассислар тавсияларига қулоқ тутиб, машғулотларни уй шароитида олиб боряпмиз. Албатта, баҳорги кунлар узайган, вақтни мазмунли ўтказиш учун эса одам бирор севимли иш билан машғул бўлиши керак. Жисмоний тарбия ва спорт бу борада катта ёрдам беришига ишонаман«, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Ирода Тўлаганова.

Ўз навбатида Президентимизнинг мазкур мурожаати ҳақида фикр билдирар экан бокс бўйича жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: «Давлатимиз раҳбарининг юртимиз ёшларига қарата: «Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг», деган даъватлари бизни янада руҳлантирди. Биз спортчилар ҳам шу фикрларни қўллаб-қувватлаган ҳолда уй шароитида ўзингизга мақбул машғулотлар билан банд бўлишингизни, уйда қолиб, оилангизни, яқинларингизни хавфдан холи ҳолда бўлишини таъминлашингизга чорлаб қоламан«.

«Президентимизнинг мурожаати биз спорт аҳлига куч ва қанот берди. Биз юртбошимизни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва шу билан биргаликда коронавирусга қарши курашда матонат ва жасорат кўрсатаётган тиббиёт ходимларига, бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаб турган ички ишлар, ҳарбийлар ва миллий гвардия ходимларига чексиз миннатдорчилик изҳор қиламиз. Бу пандемия халқимизни янада бирлаштирди. Аминманки, биз якдиллик билан бу вирусни енга оламиз», – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Шаҳрулло Маҳмудов.

Юртбошимизнинг бу борадаги фикрлари бизни янада руҳлантирди. Муҳтарам Президентимизнинг спорт илм-фанига ҳам юксак эътибор қаратишлари бизга янада куч берган. Биз олимлар ҳам мана шундай кунларда бор ғайратимизни сафарбар қилишга ваъда берамиз. Бу даврда биз ҳам масофадан ўз изланишларимизни давом эттирамиз”, – дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университети профессори Фикрат Керимов.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Биродар Абдураимов бу масалага қуйидагича изоҳ берди: “Муҳтарам Шавкат Миромонович бошчилигида спортга қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ ёшларимиз катта-катта марраларни забт этишмоқда. Президентимизнинг мана шундай синовли кунларда ҳам халқимизни бирдамликка чақираётганлари, ёшларимизни жисмоний тарбия билан шуғулланишга ундаётганларини кўриб янада ғурурландим. Ўз навбатида биз ҳам ёшларимиз қатори ҳар куни жисмоний тарбия машқларини сира канда қилмаймиз”.