Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон спорт делегацияси 2019 йилнинг 28 сентябрь куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгашининг
73-ижроқўм йиғилишида иштирок этди.

Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Ахмад Ал-Фахад Ал-Сабах ҳамда Осиё Олимпия Кенгаш аъзолари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Унда Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинлари ва 2030 йилда XXI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ижроқўм кун тартибига кўра Тошкентда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича 10 дақиқалик тақдимот ўткзилди.

Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича тақдимотдан сўнг, Ўзбекистонда барча шароитлар,
шу жумладан ушбу халқаро мусобақани ўтказиш бўйича зарур спорт инфратузилмасини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларни инобатга олиб, Осиё Олимпия Кенгаши Тошкентда ушбу нуфузли тадбирни ўтказишга розилик билдирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилда XXI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши бўйича тақдим қилинган талабнома қабул қилинди
ҳамда 2020-2021 йилларда бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё Олимпия Кенгашининг йиғилишида кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинлари 43 та хорижий мамлакатдан, камида 9 та спорт туридан 14-17 ёшли спортчилар ўртасида ўтказилади.

Биринчи ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари 2009 йилда Сингапурда, 2013 йилда Нанкин (Хитой), 2017 йилда Хамбантотада (Шри-Ланка), ўтказилган бўлса, 2021 йилда Шаньтау (Хитой), 2025 йилда Тошкент
ва Самарқанд шаҳрида (Ўзбекистон) ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда 2025 йилда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш орқали мамлакатнинг обрўси, бренд сифатида мамлакат тўғрисидаги маълумотлар орқали меҳмонларнинг xабардорлигини ошириш, мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ривожлантириш
ва инвестицияларни жалб қилиш, нафақат пойтахт, балки мамлакат ҳудудлари қиёфасини яхшилаш натижасида мамлакатнинг ички қиёфасига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатади.

Шу билан бир қаторда, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган ягона спорт инфратузилмасини яратиш борасида мамлакатнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Хусусан:

биринчидан, мустақилликка эришилгандан сўнг шу кунга қадар халқаро талабларга жавоб бера оладиган спорт инфратузилмаси
(шу жумладан, олимпия шаҳарчаси) яратилмаган;

иккинчидан, йирик халқаро комплекс мусобақа ўтказиш учун халқаро талабларга тўлиқ жавоб бера оладиган логистика, транспорт инфратузилмаси мавжуд эмаслиги боис, ёзги Осиё ва Олимпия ўйинлари Ўзбекистонда
шу кунга қадар ўтказилмаган.

Ўзбекистон Республикасида йирик нуфузли халқаро спорт мусобақаларини ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш учун муносиб инфратузилмани яратишга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш учун муносиб инфратузилмани яратишга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда ишчи гуруҳ деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини (кейинги ўринларда мусобақалар деб аталади) ўтказиш бўйича ташкилий масалаларни амалга ошириш;

мусобақаларни ўтказиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш;

мусобақаларни ўтказиш бўйича республикада мавжуд бўлган спорт иншоотлари, логистика, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаларини ўрганиш ҳамда янгиларини барпо этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

 

  1. Ишчи гуруҳ (А.А. Абдухакимов):

мусобақаларни ўтказиш бўйича ташкилий масалаларни тезкор
ва сифатли ҳал этсин;

Дастурда назарда тутилган барча тадбирлар тўлиқ амалга оширилиши юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштирсин;

ўрганилган халқаро тажриба натижаларини таҳлил қилиш
ва мусобақаларни ўтказишни ташкил этишда самарали фойдалансин;

мавжуд инфратузилмалар қувватини таҳлил қилиш асосида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаш, қўшимча инфратузилмаларни яратишга бўлган сарф-харажатларни, шунингдек, тақдим этилган маълумотлар, таклифлар ва ҳисоб-китобларни комплекс таҳлил қилиш асосида таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда 2021 йил 10 январга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан ишлаб чиқилган ҳудудий дастурларда белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминласин.

  1. Қуйидагилар:

мусобақаларни ўтказиш бўйича ташкилий масалалар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ажратилган бюджет маблағлари, хорижий инвесторларнинг маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

мусобақаларни ўтказиш учун танловга буюртма бериш, бадал пули, кафолат депозити ҳамда Ўзбекистонда мусобақаларни тарғибот (реклама) қилиш учун маблағларни Осиё Олимпия Кенгашига ўтказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2025 йилгача
ҳар йили Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ажратилган бюджет
ва хорижий инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буюртманомаларига мувофиқ спорт турлари бўйича халқаро федерациялар (уюшмалар), Осиё федерациялари (уюшмалари) ва Осиё Олимпия Кенгаши вакилларига визаларни консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмасдан, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида расмийлаштирсин.
  2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш
    давлат қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                             А. Арипов