Спорт акробатикаси. Ўзбекистонлик жуфтлик ўсмирлар Олимпия ўйинларига лицензия қўлга киритди

Бугун, 26 апрель куни Ўзбекистон гимнастика федерацияси Халқаро гимнастика федерациясидан мактуб қабул қилиб олди. Унда спорт акробатикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси шу йилнинг октябрь ойида Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтадиган III ёзги Олимпия ўйинларига лицензия қўлга киритгани расман тасдиқланди.

Бундан бир неча кун олдин, аниқроғи 5-11 апрель кунлари спорт акробатикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Николай Евдокимов ва Хурсана Магмузовалардан ташкил топган жуфтлик Бельгияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этишганди. Олимпия ўйинлари лицензияси айнан мазкур жаҳон чемпионати якунлари бўйича терма жамоамизга берилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон учун спортнинг ушбу турида ягона лицензия ажратилган. Шундай экан, мусобақаларга иккита жуфтлик (Никита Евдокимов/Хурсана Магзумова ҳамда Николай Евдокимов/Арина Юлушева) тайёргарлик кўради. Буэнос Айресга жўнаб кетиш олдидан ўқув-машғулот йиғинлари якунига кўра мураббийлар кенгаши улар орасидан энг яхшисини танлаб олади ва айнан ўша жуфтлик ўсмирлар Олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Миллий олимпия қўмитаси шуни маълум қиладики, айни пайтда III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига 13 нафар ўзбекистонлик спортчи 11 та лицензия қўлга киритган. (Академик эшкак эшиш ва спорт акробатикасида 2 кишилик жуфтликка биттадан лицензия берилган.)

Ҳозирги пайтга қадар делегациямиз ҳисобидаги лицензиялар сони қуйидагича кўриниш олган:

Оғир атлетика – 3 та
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш – 3 та
Академик эшкак эшиш – 2 та
От спорти (конкур) – 1 та
Таэквондо – 1 та
Спорт акробатикаси – 1 та

26 Апрель, 2018|Янгиликлар|