Алессандро Традори: “Ўзбекистон менга ёққани учун бу ерда қолдим”

Айни пайтда Олимпия спорт турлари бўйича бир қатор терма жамоаларимизда хорижлик мутахассислар фаолият олиб боришмоқда. Эътиборингизга қиличбозликнинг рапира йўналишида жамоамизга мураббийлик қилаётган италиялик Алессандро Традори билан ўтган суҳбатни ҳавола қиламиз:

– Аввало, мураббийлик фаолиятингиз ҳақида айтиб берсангиз
– Менда ҳам дунёнинг энг номдор қиличбозлик клуби “Circolo Scherma Mestre”да Ливио Ди Роса ва Жованни Бортолазо каби буюк қиличбоз ва мураббийлар билан бирга шуғулланиш имконияти бўлган. Шунингдек, менда Италия ёшлар терма жамоасининг аъзоларидан бири бўлиш ва катталар терма жамоасига қўшилиш имконияти бўлган. Йиллар ўтиб спортдаги фаолиятимни якунладим, ўқишни тугатдим ва ишлай бошладим. Кейин ички савдо йўналиши бўйича ихтисослаша бошладим. Божхона брокерлиги бўйича вазирлик имтиҳонини кўнгилдагидек топшириб лицензия олдим. 2005 йил мамлакатимиз Европа ҳамжамияти учун очилди. Кейин иқтисодий инқироз бошланди. Перуга таътилга борганимда қиличбозлик турнирига гувоҳ бўлдим. Шу воқеа муносабати билан кўплаб одамлар билан суҳбатлашдим ва улар менга машғулотларни бошлашимни айтишди. Шу воқеадан кейин 5 йил ичида кўплаб клублар шарафини, Перудаги ҳарбий жамоа шарафини ҳимоя қилдим. Мураббийликда спортчиларим билан Жанубий Америка, Панамерика турнирларида қатнашдим ва натижаларимиз яхшилана бошланди. Бу вақтда мураббийлик бўйича қиличбозликнинг 3 та курсини (2 рапира ва 1 сабля), 2 та ҳакамлик курси ва спорт хавфсизлиги бўйича 1 та курсни тугатиб, АҚШдаги Виргиния университетида дарс бера бошладим. Шундан сўнг 2018 йилдан Парагвайга келиб рапира ва сабля бўйича мураббийлик қилдим. Қизлар жамоаси билан жаҳон чемпионатида 45-натижани қайд этдик. Шу йил октябрда рапира бўйича яна бир мураббийлик курсини тугатиб Италияга қайтдим.

Ҳозир Ўзбекистондаман ва келажак учун режам – жамоамни профессионал қилиб шакллантириш. Менга ўз устида ишлаётган, меҳнат қилаётган спортчиларни шуғуллантириш ёқади. Бундай меҳнат билан спортчи якунда дунёдаги исталган жамоа ва қиличбозга қарши чақирув ташлай олади.

– Ўзбекистон терма жамоаси билан ишлашга қандай рози бўлдингиз? Ўз ишингиздан мамнунмисиз?
– Бир куни Виталий Логвин (ўзбекистонлик афсонавий рапирачи, Панамерика қиличбозлик конфедерациясининг амалдаги президенти, FIE Ижроқўм вакили) мени Ўзбекистонга келиб семинар ўтишни сўради. Мен рози бўлдим ва Ўзбекистонда ишлаш менга ёққани учун шу ерда қолдим. Бу ўз олдига катта мотивация ва амбиция қўйган мураббий учун, профессионал мутахассис эканлигини исботлаш учун ажойиб вазифа. Келажакда Ўзбекистонда рапира бўйича кучли жамоа шакллантиришни ният қилганман. Қачонки яхши натижалар кўрсатганингизда ўз ишингиздан мамнун бўласиз. Ҳозир эса бир-биримизни ҳурмат қилган ҳолда меҳнат қиляпмиз.

– Ўзбек рапирачиларнинг Олимпиадага илиниши нега қийин?
– Билмадим. Мен Ўзбекистонга етти ой олдин келганман. Доимгидек келажакка назар соламан ва унда Олимпия ўйинлари асосий мақсадларимдан бири бўлиб турибди.

– Жамоани тайёрлашингизда олдингизга қандай вазифалар қўйилган?
– Олдимга бир қатор вазифалар қўйилган: ўсмирлар, ёшлар ва катталар терма жамоаларидаги қиличбозларни жисмоний, техник ва тактик томондан ривожлантириш, уларнинг халқаро майдондаги натижаларини яхшилаш. Шунингдек, менга 3 нафар ёш ва ақлли ҳамроҳларим оёқ билан ишлаш, чигалёзди машқлар пайтида яқиндан ёрдам бериб келишади. Биз бир жамоа бўлиб профессионалларча ишлаяпмиз ва юзага келадиган ҳар қандай вазиятдан чиқишга, муаммоларни ҳал қилишга тайёрмиз.