Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати 1 йилга сурилиши мумкин

Хабарингиз бор, жорий йил ўтказилиши керак бўлган Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари бир йил ортга сурилди. Бўлажак Олимпия ўйинлари катта эҳтимолда ёз фаслида ўтказилади. Бу эса 2021 йил ёз ойларига белгиланган жаҳон чемпионатларининг ўтказилишига катта таъсир ўтказиши турган гап.

Халқаро енгил атлетика федерацияси раҳбари Себастьян Коэ 2021 йилнинг 6-15 август кунлари ўтиши керак бўлган навбатдаги жаҳон чемпионатини суриш таклифи билан чиқди. Таклифга кўра, АҚШнинг Южин шаҳрида ўтадиган мусобақа 2022 йили ўтиши мўлжалланган. Эслатиб ўтамиз, енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатлари ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.

Агар ушбу қарор маъқулланадиган бўлса, енгил атлетикачиларни кетма-кет 5 йил мобайнида ҳар ёзда йирик мусобақалар кутиб туради. Бундай вазият мухлислар учун ёқимли бўлса-да, спортчиларни бир мунча қийин вазиятга солиб қўйиши турган гап. Енгил атлетика ишқибозларини ҳар ёзда қуйидаги мусобақалар кутмоқда:
2021 йил: Токио Олимпиадаси;
2022 йил: Жаҳон чемпионати (Южин, АҚШ);
2023 йил: Жаҳон чемпионати (Будапешт, Венгрия);
2024 йил: Париж Олимпиадаси;
2025 йил: Жаҳон чемпионати (мезбон номаълум).

28 Mart, 2020|Янгиликлар|