Дзюдо ҳақида сиз билган ва билмаган қизиқарли фактлар

Дзюдо – оммавийлиги бўйича футболдан кейинги ўринларда турадиган якка кураш спорт тури!

 

Бугунги кунда бутун курраи заминимизда 30 миллиондан зиёд киши дзюдо билан профессионал тарзда шуғулланади. Улардан 9 миллионга яқини дзюдо ватани – Японияда истиқомат қилади. Икки юзга яқин давлат Халқаро дзюдо федерацияси (IJF)нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

 

Эътиборингизга дзюдо ҳақида сиз билган ва билмаган 15 та қизиқарли факт тақдим этамиз:

 

1) Биринчи дзюдо мактаби ушбу яккакураш асосчиси Дзигоро Кано (1860-1938) томонидан 1882 йили очилган ва унга Кодокан номи берилган. Ушбу мўъжазгина мактабнинг ҳажми 4х5 метр бўлган холос.

 

2) Японияда дзюдонинг спорт тури сифатида оммалашишига 1907 йилда унинг мактаб дастурига мажбурий фан сифатида киритилиши сабаб бўлган.

 

3) 1903 йилда АҚШ президенти Теодор Рузвельт Оқ Уйда япониялик таниқли дзюдочи Ёсиака Ямаситани қабул қилган. Ямасита Президент ҳузурида дзюдо усулларини намойиш этиб берган.

 

4) Президент Теодор Рузвельт Ямаситанинг кўргазмали чиқишидан завқланиб, Оқ Уйда дзюдо билан шуғулланиш учун махсус хона (зал) ажратилишини таъминлаган. У ерда япониялик мураббийлар Оқ Уй мулозимларига машғулот ўтказган.

 

5) Европа қитъасидаги биринчи халқаро мусобақа 1929 йили Германияда ўтказилган. Унда маҳаллий дзюдочилардан ташқари Англиядан келган спортчилар ҳам иштирок этган.

 

6) Самбо, айкидо ва жиу-житсу айнан дзюдо техникаси асосида шаклланган спорт турлари ҳисобланади. Номлари тилга олинган яккакураш турлари асосчилари – Василий Ошепков, Морихэй Уэсиба ва Мицуи Маэда ёшлик чоғларида дзюдо билан шуғулланишган.

 

7) Мусобақаларнинг илк бор вазн тоифаларига ажратилиб ўтказилиши 1954 йилда рўй берган. Ўшанда Париж шаҳрида ўтказилган Европа чемпионатида вазнлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланган.

 

8) Дзюдо илк бор 1964 йили Токиода ўтган XVII Ёзги Олимпиада дастурига киритилган эди. Ўшандан бери ҳар тўрт йилда олимпия ўйинларида дзюдо бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқлаб келинади. Фақат 1968 йили Мехико шаҳрида ўтган Олимпиадада дзюдо бўлмаган.

 

9) 1988 йилги Олимпиадада аёллар ўртасида кўргазмали чиқишлар бўлган. 1992 йилги олимпия ўйинларидан эътиборан расман аёл дзюдочилар ўртасида ҳам медаллар жамланмаси ўйналган. Бугунги кунда эркаклар ва аёллар ўртасида 7 тадан вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

 

10) Шубҳасиз, Олимпиадада дзюдо бўйича энг кўп медалларни японияликлар қўлга киритишган. Дзюдо ватани вакиллари ҳисобида ёзги Олимпия ўйинларининг 36 та олтин, 18 та кумуш, 18 та бронза, жами 72 та медали бор. Медаллар жамғариш бўйича кучли учликдан Франция ва Жанубий Корея терма жамоалари жой олишган.

 

11) Мустақил Ўзбекистон спорт делегациясига илк медални ҳам айнан дзюдочи тақдим этган. Атланта-96 Олимпиадасида Армен Багдасаров кумуш медални қўлга киритган. Ундан кейин Абдулла Тангриев кумуш, Ришод Собиров Олимпиаданинг учта бронза медалига сазовор бўлган. 2016 йилги Рио Олимпиадасида Диёрбек Ўразбоев дзюдочиларимизнинг ёқимли анъанасини давом эттириб, бронза медали билан тақдирланган.

 

12) 1961 йили Париж шаҳрида ўтган Жаҳон чемпионатида голландиялик Антон Гесинк олтин медалга эга чиққан. Бу билан нидерландиялик спортчи япониялик бўлмаган илк жаҳон чемпиони номини ўзи учун муҳрлаган. Унгача Кунчиқар юрт вакиллари олтин медални бегона қилмай келишаётган эди.

 

13) Дзюдода 12 та ДАН бор. Лекин тўлиқ ДАНларни олиш биргина дзюдо асосчиси Дзигоро Канога насиб қилган. Қолганлар хатто 11 ДАНни ҳам олмаган. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 8 ДАН соҳиби ҳисобланар экан.

 

14) Етти қаватдан иборат замонавий Кодокан зали дунёдаги энг катта дзюдо зали ҳисобланади. Унинг майдони – 1100 кв.м.

 

15) Бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам ҳар йили 28 октябрь санасида Бутунжаҳон дзюдо куни кенг нишонланади. Ушбу санада дзюдо асосчиси Дзигоро Кано таваллуд топган. Ўтган йилги байрам тадбирлари “Дарахт эк!” шиори остида ўтказилган эди. Бу кўчат экиш маросимлари замирида атроф-муҳит ва табиатни асраш сингари эзгу ишлар мужассам.

 

26 Mart, 2020|Янгиликлар|