Фахрийларимиз енгил атлетика ривожига ўз ҳиссасини қўшишмоқда

Сир эмаски, фахрийларимизнинг доно ўгитлари ва бой ҳаётий тажрибалари бўлмаганида профессионал спорт тараққиёти юртимизда бу даражага чиқиши анча мураккаб бўлар эди. Замонавий спорт ютуқларида ҳам худди шу фикрнинг кўришимиз мумкин. Ўзбек спортчиларининг ғалабаларида ҳам фахрийларимизнинг ҳиссаси улкан. Нуроний ёшларига қарамай уларнинг ёш авлод орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга уринишларини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Мисол учун, фахрийларимиз профессионал спортдаги ютуқларимизни янада кўпайтириш, ёшларни спортга жалб қилиш йўлида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясига яқиндан ёрдам бера бошлашди. Статистик маълумотларга кўра, юртимизда 7 мингга яқин енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт секциялари мавжуд бўлиб, уларда шуғулланаётганлар сони 220 мингга етган. Ушбу кўрсаткичнинг 111 минг, яъни тенг ярмини аёллар ташкил қилиши янада аҳамиятли. Бундан ташқари енгил атлетика федерацияси томонидан “Буюк ипак йўли” номи остида ўтадиган бир қатор мусобақалар дастури ишлаб чиқилди. Энди мутасаддилар олдида енгил атлетикани янада оммалаштириш вазифаси турибди.

Енгил атлетика юртимизда энг оммавий спорт бўлиб улгурмади. Гарчи у катта захира ва имкониятларга эга спорт тури деб қаралса-да, мактабларда асосий эътибор футбол, волейбол, баскетбол каби ўйин спорт турларига қаратилмоқда. Ушбу спорт турини янада оммалаштириш учун спорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолини янада қизиқтириш керак.

Яна бир статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда енгил атлетика билан шуғулланаётганлар сони бутун мамлакат бўйлаб 2 миллион 656 минг, тренерлар эса 620 кишини ташкил қилмоқда. Албатта, бу бизнинг мамлакатимиз учун етарли эмас. Бугунги кунда вилоят федерациялари, хусусан, Андижон, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент бўйлаб ушбу кўрсаткичлар салмоғини янада ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши мазкур мақсад йўлида федерация мутасаддилари билан ўз билим ва малакаларини улашган ҳолда фаолият олиб боришади.

19 Mart, 2020|Янгиликлар|