Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги 4 нафар паралимпиячидан допинг чиққани ҳақидаги хабарга расмий баёнот берди

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги айрим манбалар орқали ўзбекистонлик 4 нафар паралимпиячи допинг сабаб дисквалификация қилингани ҳақидаги хабарларига нисбатан қуйидагиларни маълум қилади:

«Ушбу хабарларда номлари тилга олинган спортчилар 2018-2019 йилларда дисквалификацияга учраган. Уларда допинг аниқлангани ҳақида ўз вақтида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида эълон қилинган. Ҳозирда ушбу атлетлар бутунлай спортни тарк этишган. Афсуски, бу хабарлар оммавий ахборот воситаларида бироз нотўғри талқин қилинди.

Маълумки, бугунги кунда ўзбекистонлик паралимпиячилар дунёнинг кучли ўнлигига киради. Бу бир томондан ғурур бағишлайди, албатта. Лекин, иккинчи томондан бу ҳолат паралимпия спортчилари зиммасига катта масъулият юклашини ҳам унутмаслигимиз лозим. Боиси, WADA (Бутунжаҳон антидопинг агентлиги) юқори натижалар қайд этаётган мамлакат спортчиларини доимий тарзда текширувга олади. Шу боис ҳар қачонгидан ҳам ҳушёрроқ бўлишимиз талаб этилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, допинг аниқланган ҳар қандай ўзбекистонлик спортчи тўғрисида маълумот Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг расмий манбалари орқали мунтазам эълон қилинади».

18 Mart, 2020|Янгиликлар|