Абдушукур Садиков: “Спортчиларимизда коронавирус аломатлари аниқлангани йўқ”

Айни пайтда жаҳон бўйлаб кенг авж олган коронавирусдан спортчиларимизни сақлаш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан бири. МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида (РСТИАМ) ҳам бу борада катта ҳажмдаги ишлаб олиб борилмоқда. Хусусан кўплаб беморлар ва спортчиларимиз учун хизмат қиладиган мазкур марказда ҳам тегишли чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Спортчиларимиз ҳам кўплаб хорижий мамлакатларда бўлиб қайтишади. Шу боис уларнинг юртимизга етиб келишида саломатликларини текшириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Қуйида РСТИАМ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Садиков билан мазкур йўналиш бўйича олиб борилаётган профилактика ишлари ҳақидаги суҳбатимизни ҳавола қиламиз.

– Аввало, коронавируснинг ўзига хос хусусиятлари, унинг инсон соғлиғига таъсири ҳақида маълумот берсангиз.
– Бу вирус асосан ўпка ва нафас йўли тизимига салбий таъсир ўтказади. Шу боис у билан оғриган беморларда бронх, трахея соҳаларида муаммолар юзага келади. Бунда дастлабки аломат қуруқ йўтал бўлиб, кейинги босқичларида иситма, кўп аксириш, учинчи ва энг хавфли босқичда вирус ўпкага ўтиб бўлади ва нафас етишмовчилигига олиб келади. Бу вирус организмда яширин ва енгил ўтиши мумкин. Албатта, яширин ўтиши инсон учун хавфли. Вирус иммунитети кучли бўлган одамга таъсир қилиши амри маҳол. Шу боис касаллик дунё бўйича асосан ёши катта одамларда учрамоқда.

– Федерациялар тизимида спортчи ва мураббийларимизни вирусдан сақлаш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 29 январь куни “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги 5537-сонли фармойиши имзоланган. Спортчиларимизни вирусдан сақлаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда МОҚ томонидан ушбу фармон бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бунда ҳар бир федерацияда Олимпия ўйинларига тайёрланаётган 138 нафар атлетимиз кунига 3 маҳалдан текшириляпти. Қолаверса, спортчиларимизнинг ётоқлари, ювиниш хоналари, базалардаги ошхоналар ҳар куни дезинфекция қилиниб, уларга гигиена қоидалари бўйича маълумотлар бериб борилмоқда ва федерацияларда бу бўйича махсус йўриқномалар осиб қўйилган. Биз РСТИАМга келадиган ҳар бир беморнинг тана ҳароратини ўлчаб, улар махсус антисептик воситалар билан профилактика қилингач ичкарига киритмоқдамиз.

– Охирги 1 ой ичида хорижда йиғин ўтказган ёки халқаро мусобақаларда қатнашган спортчиларимиз, делегация вакиллари қайтиб келганида уларнинг саломатлигини текшириш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
– Муҳтарам Президентимизнинг юқоридаги фармойиши асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ишчи гуруҳ тузилган. Бунда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг бўш турган биносидан махсус карантин жойи сифатида фойдаланмоқдамиз. Бунда хориждан келган ҳар бир делегациямиз аэропортдан чиқиб тўғри шу жойга келади ва текширувдан ўтказилади. Шу пайтгача 8 февралдан 15 март кунига қадар турли давлатлардан 21 та делегациямиз кутиб олинди ва уларнинг таркибидаги 160 киши мана шундай текширувдан ўтди. Худога шукур, хориждан қайтган спортчиларимиз ва делегация аъзолари, ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаётган вакилларимизда коронавирус аломатлари аниқланмаган.

– Вирусдан сақланиш учун мутахассис сифатида қандай маслаҳатлар берасиз?
– Вирусдан сақланиш учун, аввало, одам ўзини ўзи ҳимоя қилиши керак. Яъни, максимал равишда қўлларни тез-тез совунлаб ювиш ва махсус антисептик воситалардан фойдаланиш, иложи борича оғиз, бурун, кўз шиллиқ пардаларини қўл билан ишқаламаслик. Шунда биз учун келиши мумкин бўлган катта хавфнинг олдини олган бўламиз.