Мираброр Усмоновни хотирлаб

2019 йил 15 март. Ушбу кун ўзбек спорти учун катта йўқотиш бўлиб тарихда қолди. Роппа-роса 1 йил муқаддам ўзбек халқининг забардаст фарзандларидан бири Мираброр Зуфарович Усмонов 71 ёшида оламдан ўтган.

Мираброр Зуфарович Усмонов 1947 йил 4 июль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 71 йиллик умрининг асосий қисмини мамлакатимизни жаҳоннинг етакчи державаларидан бирига айлантиришга сарфлади ва буни уддалай олди ҳам. Лондон-2012 Олимпия ўйинлардаги муваффақиятсизликдан сўнг, аниқроғи 2013 йилнинг бошида Мираброр Усмонов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бошқарувига келди. Шундан сўнг қисқа фурсат ичида мамлакатимизни етакчи спорт мамлакатларидан бирига айлантира олди. Хусусан, 2013 йил Россиянинг Қозон шаҳрида ўтган Универсиада ўйинларида мамлакатимизнинг 100 дан ортиқ делегация вакиллари орасида йигирма иккинчи ўринда бўлиши юксак ғалабаларнинг бошланиши сифатида ёдда қолди. Шундан сўнг делегациямиз Мираброр Усмонов бошчилигида 2014 йил Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтган иккинчи ўсмирлар Олимпиадаси, Инчеон-2014 Осиё ўйинларида катта ютуқларга эриша олди. Инчеонда ўтган Осиё Олимпия Кенгашининг Бош Ассамблеясида халқаро ташкилот Мираброр Зуфаровичнинг Марказий Осиёда Олимпия ҳаракатини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси учун Олтин орден билан тақдирлади. Мукофотни Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг шахсан топширгани эса машаққатли меҳнатнинг эътироф этилганидан далолатдир.

2015 йил Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ҳозирги биносининг фойдаланишга топширилиши, ХОҚ президенти Томас Бахнинг юртимизда Олимпия кунини нишонланиши арафасида ташриф буюриши билан ёдда қолди. 2016 йил эса дунё ареналарида ўзбек атлетларининг порлаши билан барчанинг хотирасида муҳрланди. Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинларида 13 та, Паралимпия ўйинларида эса 32 та медалнинг қўлга киритилиши мисли кўрилмаган натижадир. Ўзбек спортидаги бундай ютуқлар бевосита ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши ва Мираброр Усмоновнинг МОҚга раҳбарлик қилган даврида қўлга киритилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мираброр Усмонов 1995 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи, 2006 йилда “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги” эсдалик нишони, 2012 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. 2014 йили эса ФИФАнинг “Хизматлари учун” махсус ордени ва Осиё Олимпия Кенгашининг “Олтин ордени” билан тақдирланган. Шунингдек, 2006 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон футбол федерацияси президенти лавозимида фаолият олиб борган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси юртимиз спорти тараққиёти йўлида хизмат қилган инсонларни ҳеч қачон унутмайди. Мираброр Зуфарович Усмоновнинг порлоқ хотираси ҳам қалбимизда мангу яшайди.

15 Mart, 2020|Янгиликлар|