Уч авлод учрашуви

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳузурида 2019 йил 23 август куни ўтказилган йиғилишда умумтаълим мактабларини оталиққа олиш, уларни ҳудуддаги “Энг намунали мактаб”га айлантириш каби масалалар бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 234-сонли умумтаълим мактабида ўқувчилар учун қулай шароитлар яратиш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугун мазкур мактаб ёшлари Рио-2016 Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори, профессионал боксда WBA ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Муроджон Аҳмадалиев билан учрашиш шарафига муяссар бўлишди. Ёшлар билан ўтказилган ушбу учрашувда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов, спорт фахрийси Эркин Каримов ҳам иштирок этди.

Спорт фахрийлари томонидан мактабда олинадиган билимларнинг катта ҳаётда не чоғлик ас қотиши, унинг жамият ҳаётидаги тутган ўрни, шунингдек, ёшликдан спортга ошно тутинган инсоннинг келажакда баркамол авлод бўлиб етишиши борасида сўзлаб берилди.

Учрашув давомида Муроджон Аҳмадалиев ҳам ёш ўқувчиларга ўзининг боксга кириб келиши, спорт билан шуғулланиш учун юртимизда барча шароитларнинг яратиб берилгани, юксак ғалабаларга эришиш учун фақатгина тинимсиз меҳнат қилиш кераклиги ҳақида гапириб берди.

 

14 Mart, 2020|Янгиликлар|