Байдарка ва каноэчиларимиз ўз олдиларига улкан мақсадлар қўйишган

Ўтган йилнинг август ойида Венгриянинг Цегед шаҳри мезбонлик қилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати орқали икки нафар байдаркачимиз Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган. Аёллар ўртасида жуфтлик йўналишида 500 метрга кечган финал баҳси орқали Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова Олимпиада иштирокчиларига айланишган эди.

Ушбу спорт юртимизда ўзининг кучли мактабига эга бўлган йўналишлардан бири. Айни пайтда Вадим Меньков, Алексей Мочалов, Артур Гулиев, Гулбаҳор Файзуллаева, Юлия Борзова, Екатерина Шубина каби етакчи эшкакчиларимиз қитъавий лицензион турнирга ҳозирлик кўришмоқда.

Ҳукуматимиз спортчиларимизнинг Токио Олимпиадасига тайёргарлик кўришлари учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Айни пайтда эшкак эшувчиларимиз Португалияда ишлаб чиқарилган энг замонавий қайиқларда машғулот олиб боришмоқда. Миннатдорчилик ҳисси билан шуғулланаётган атлетларимиз бундай ишончни бўлажак мусобақаларда оқлашга ваъда бердилар.

Эътиборингизга Тошкент денгизида ўтаётган машғулотлардан фотосуратларни ҳавола қиламиз: