Руслан Курбанов лицензион турнирларга Малайзияда тайёрланмоқда

Енгил атлетиканинг уч ҳатлаб сакраш йўналиши бўйича Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси Руслан Курбанов Токио-2020 йўлланмаси учун астойдил ҳозирлик кўрмоқда. Маълумки, енгил атлетика спортида Олимпиада лицензиялари нормативлар бажарилишига қараб тақсимланади.

Халқаро енгил атлетика федерацияси Токио-2020 учун белгиланган нормативларни анча юқори қўйганидан хабарингиз бор. Уч ҳатлаб сакраш йўналишида эркаклар учун норматив 17.14 метр қилиб белгилаб қўйилган.

Руслан Курбановнинг шахсий рекорди 16.93 метрга тенг. Юртдошимиз ушбу натижага ўтган йил Дохада ўтказилган Осиё чемпионатида эришган. Бу йил ҳисобидан атлетимиз Туркиядаги турнирда қатнашди ва 15.83 метр узунликка сакради.

Курбанов ўз натижасини яхшилаш йўлида айни пайт Малайзияда ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Йиғиндаги асосий эътибор яқинлашиб келаётган турнирларда Дохадаги натижани яхшилаш, керак бўлса, белгиланган нормативни бажаришга қаратилган.

Регламентга кўра, Токио-2020 Олимпия ўйинларида ушбу йўналишда 32 нафар спортчи иштирок этади. Бордию, белгиланган нормативларни бажара олганлар сони 32 нафарга етмаса, қолдиқ жаҳон рейтингидаги поғоналардан қопланади. Шундай экан, спортчимизнинг мусобақаларда юқори натижа қайд этиши уни Олимпия ўйилари сари янада яқинлаштиради.

12 Mart, 2020|Янгиликлар|