Дзюдочиларимиз Тошкентда йиғин олиб боришмоқда

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси шу куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказиладиган Катта дубулға турнирида иштирок этиши керак эди. Бироқ коронавирусидан сақланиш мақсадида Халқаро дзюдо федерацияси май ойига қадар барча мусобақаларни бекор қилди. Аммо бу ҳол спортчиларнинг машғулотларига салбий таъсир ўтказгани йўқ. 1 ой ичида 2 та йирик мусобақада иштирок этиб қайтган дзюдочиларимизнинг тўлиқ тикланиб олишлари учун айни муддао.

Грециялик Илиас Илиадис бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси айни пайтда Тошкентда навбатдаги йиғинни олиб бормоқда. Йиғинга жамоамизнинг биринчи ва иккинчи рақамли спортчилари жалб этилган. Европадаги турнирларда кичик жароҳат олган полвонларимиз федерация шифокорларининг назоратида бўлиб турибди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати жамоамизнинг бугунги йиғинидан сизлар учун мақола тайёрлади.

Машғулотлар якунида Илиадис дзюдочиларнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда улар учун қимматли маслаҳатлар бериб ўтди.

Олимпиада чемпиони ва оддий дзюдочининг фарқини биласизларми? Чемпион йўлида учрайдиган ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтади ва унинг онгида шу мақсад мукаммал шаклланган бўлади. Кичик жароҳат сабаб машғулотларни ўтказиб юборишга мутлақо қаршиман. Ҳа, жароҳат машғулотларга ҳалал беради. Лекин у спортнинг ажралмас қисми. Эътибор беринг, шу аснода ҳар ҳафтада бир бор машғулотларда иштирок этмадингиз. Шунда бир ойда тўртта, 1 йилда 50 га яқин машғулотни ўтказиб юборасиз. Рақибингиз эса сиздан шунча кўп шуғулланган бўлади. Бунинг оқибатини татамида кўрасиз кейин”, – деди Илиадис.

Ҳақиқатдан ҳам Олимпиада чемпиони, 3 карра жаҳон чемпиони бўлган ушбу мутахассис дзюдо спортида афсоналардан бирига айланиб улгурди. Ҳозирда ўзбек полвонларини ўзи каби муваффақиятлар чўққисига эргаштириб бормоқда. Машғулот сўнгида грециялик мураббий билан унинг ўзбек тилида гаплашиши, ўзбек дзюдоси ва Олимпиадага тайёргарлик ҳақидаги эксклюзив интервью ташкил қилишга ҳам муваффақ бўлдик. Тез орада мазкур суҳбатни ҳам чоп этамиз. Бизни кузатишда давом этинг.