Садриддин Сайматов: “Олдимизда масъулиятли мусобақалар турибди”

Маълумки, каратэнинг WKF йўналиши илк бор Олимпия ўйинлари дастурига киритилди. Ушбу спорт ўз ватанида, аниқроғи, Токио-2020 Олимпия ўйинларида қўшилгани ҳам тарихий воқеликдир. Шу ўринда каратэ WKF бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси вакиллари ҳам ушбу йўналишда лицензия олиб тарихий натижа қайд этиш ниятида. Бу борада терма жамоамиз вакилларининг имконияти етарли.

Эронлик Шаҳоб Султани бош мураббийлигидаги жамоамиз бугун “Универсал” спорт мажмуасидаги машғулотларни якунлади. Спортчиларимиз эндиликда Тошкент вилояти Ширинбулоқ оромгоҳида жойлашган тоғли ҳудудда жисмоний тайёргарликни давом эттиришади.

Коронавирус сабаб Работда ўтказилиши керак бўлган лицензион рейтинг очколарини берувчи мусобақамиз бекор бўлди. Биз эса машғулотларни юқори савияда давом эттирмоқдамиз. Олдимизда масъулиятли мусобақалар турибди. Премьер-лига ва А серия мусобақаларидан сўнг Париж шаҳрида жаҳон миқёсида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи турнир бор. Асосий эътиборимиз энди ушбу мусобақада совриндор бўлишга қаратилган. Париж турнирига тайёрланиш учун биз спортчиларга барча шароитлар яратиб берилган”, – деди терма жамоамиз етакчиларидан бири Садриддин Сайматов.