Лицензиат бешкурашчиларимиз Тошкентда ёшлар учун маҳорат сабоқларини ўтказишди

Замонавий бешкураш юртимизда оммалашиб бораётган ёш спорт турларидан бири. Айниқса, ушбу спорт тури бўйича терма жамоамиз вакилларининг Токио Олимпиадасига йўлланма олиши ёшларимизнинг бешкураш спортига бўлган қизиқишини янада оширди.

Терма жамоамиз вакиллари Александр Савкин ҳамда Алисэ Фахрутдинова доим ҳам юртимизда бўлаверишмайди. Зеро, спортчиларимиз Токио Олимпиадасига тайёргарлик доирасида хорижий ўқув-машғулот йиғинларида мунтазам иштирок этиб боришади. Уларнинг Тошкентга келишидан фойдаланиб, федерация ташаббуси остида ёш атлетларимиз учун қаҳрамонларимиз иштирокида маҳорат сабоқлари ташкил қилинди.

Тошкентга яна бир бор қайтганимиздан хурсандмиз. Бу гал биз ёш бешкурашчиларимизнинг қандай машғулот олиб боришаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Ёшларнинг машғулотини кузата туриб, уларнинг кўзидаги иштиёқни кўряпман. Асосийси ҳам шунда. Катта спортда юқори натижага эришиш учун ёш атлетда иштиёқ бўлиши зарур”, – деди Алисэ Фахрутдинова.

Шунингдек, Александр Савкин куни кеча Мисрда ўтказилган Жаҳон кубоги босқичининг якунлари ва олдиндаги режалар хусусида гапириб ўтди.

Жаҳон кубогида доим кучли спортчилар жам бўлишган. Рақибларимизнинг аксарияти Токио Олимпиадасига лицензия олган спортчилар эди. Гарчи шоҳсупага кўтарила олмаган бўлсак ҳам шахсан мен натижамдан қониқиш ҳосил қилдим. Энди хатоларимиз устида ишлаб, кейинги турнирларга янада кучли тайёрланамиз. Асосийси Токиога энг яхши формада етиб бориш. Бу борада федерация томонидан бизга барча шароитлар яратиб берилмоқда”, – деди Александр Савкин.

Бешкурашчиларимиз янги марраларни забт этиш учун тайёргарликни давом эттиришмоқда. Ҳамюртларимиз эртадан навбатдаги хорижий йиғинга йўл олишади.